Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “Ўзсувтаъминот” АЖ ва Жанубий Кореянинг “K-Water” корпорацияси ўртасида Ўзбекистонда сув таъминоти ва санитария соҳасида салоҳиятни ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров, бошқарув раиси ўринбосарлари Рустам Мамаджанов ва Хуршид Рахматуллаев, “K-Water” корпорацияси ижрочи директори Джэ Хён Пак ва компаниянинг бошқа масъуллари иштирок этди.
Бугунги кунда соҳага жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳисобидан мамлакатимизда аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражасини тубдан ошириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида кўплаб инновацион технологиялар, шу жумладан, SCADA ахборот йиғиш ва диспетчерлик назорат тизими, геоахборот тизими, янги биллинг тизими жорий қилинди. Бу эса, ўз навбатида, соҳа мутахассисларида янги технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг билим ва малакасини оширишни тақозо этмоқда.
Имзоланган меморандумга кўра, томонлар Ўзбекистонда сув таъминоти ва санитария соҳасида салоҳиятни ошириш бўйича лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун фаол ҳамкорлик қилади. Шунингдек, сув таъминоти ва санитария бўйича тажриба алмашиш ва биргаликда ечимлар топиш учун семинарларни ва экспертлар алмашинуви дастурларини ўтказиш ва уларда иштирок этиш кўзда тутилмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, ушбу ҳужжатга асосан томонлар Ўзбекистонда сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида ўқув марказини ташкил этиш учун зарур бўладиган маълумотларни тўплаш мақсадида биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширади. “K-Water” Ўзбекистонда сув таъминоти соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув маркази ташкил этилишини қўллаб-қувватлаш учун “Ўзсувтаъминот” билан ҳамкорлик қилади. Аввалроқ, яъни 2020-2021 йиллар давомида “Ўзсувтаъминот” АЖ мутасаддилари Ўзбекистонда ушбу ўқув марказини ташкил этиш бўйича музокараларни олиб бориш учун Кореяга икки маротаба ташриф буюриб, “K-Water” академиясининг таълим инфратузилмаси, шу жумладан, ўқув маркази, сув тарқатиш тармоғи маркази, пилот сув тозалаш иншоотининг фаолияти билан танишган эдилар.
Маълумот учун: Жанубий Кореянинг “K-Water” корпорацияси 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ҳамда қайта тикланадиган энергия объектларини қуриш, улардан фойдаланиш ва бошқариш соҳасида фаолият юритади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.