Шавкат Мирзиёев мудофаа вазирини I даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирлади

Шавкат Мирзиёев мудофаа вазирини I даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирлади

Президент мудофаа вазири Баҳодир Қурбоновни I даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотлади. Шунингдек, бош прокурорнинг 2 нафар ўринбосари, Олий суд раиси ўринбосари, прокуратура, ИИВ ва бошқа идоралар ходимлари ҳам тақдирланди.

27 август куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини орден ва медаллар билан тақдирлади.

Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов Қуролли кучларининг жанговар тайёргарлигини оширишдаги алоҳида хизматлари, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ва тинчликни таъминлаш, соҳада юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати учун I даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотланди.

Орденнинг энг юқори даражаси I даражалиси бўлиб, у одатда камида уч йил оралиқ билан, II даража ва I даража кетма-кетлигида топширилади. I даражали «Шон-шараф» ордени олганларга БҲМнинг 40 баравари (13,2 млн сўм), II даражалиси учун БҲМнинг 30 баравари (9,9 млн сўм) миқдорида бир марталик мукофот пули берилади.

Охирги марта I даражали «Шон-шараф» ордени 2019 йилда Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчиси Равшан Абдуллахоновга берилганди.

«Газета.uz»да реклама

«Мардлик» ордени билан бош прокурор ўринбосари Салом Самадов, Ички ишлар вазирлиги хизмат бошлиғининг ўринбосари Нодир Абдуллажонов, Ички ишлар вазирлиги ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили Камолиддин Байбутаев, Бош прокуратура бошқармаси катта терговчиси Неъматжон Кучкаров ва бошқалар тақдирланди.

Бош прокурорнинг яна бир ўринбосари Светлана Артиковага «Дўстлик» ордени берилди. Ушбу мукофот Тошкент шаҳри прокуратураси бўлим бошлиғи Ирина Бабаян, Тошкент шаҳри ИИББ Эксперт криминалистика маркази бошлиғи Станислав Пак ва Олий суд раиси ўринбосари Халилилло Турахужаевга ҳам топширилди.

Мудофаа вазирлиги Тоғ тайёргарлиги ўқув-машғулот маркази катта йўриқчиси Рустам Тоғаев вафотидан сўнг «Жасорат» медали билан тақдирланди.

Мукофотлар прокуратура, ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қатор ходимлари ва раҳбарлари томонидан ҳам қабул қилинди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.