Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Беларусда бўлиб турибди. 5 сентябрь, сешанба куни Танзила Нарбаева президент Александр Лукашенко билан учрашди, деб хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон — Беларусь бизнес доиралари ва тадбиркор аёллар биринчи бизнес-форумига эътибор қаратилди. Ушбу тадбир аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришига муҳим ҳисса қўшиши, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича янги таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш учун самарали майдонга айланиши таъкидланди.
Эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назоратини ўрнатиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Биргаликда фаолият олиб бориш орқали гендер тенглигига эришиш ва Беларусь аёллар иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Унинг сўзларига кўра, Беларусь муносабатларни ривожлантиришга ва ҳар қандай технологияни баҳам кўришга тайёр. Давлат раҳбари икки давлатнинг самарали ҳамкорлиги ҳамда халқаро платформалар ва минтақавий бирлашмаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётганини алоҳида таъкидлади, Беларуснинг ШҲТ аъзолигига жадал суръатда кириши масаласида кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирди.
«Биз сизни доим қўллаб-қувватлаймиз, чунки сизнинг тинчликсеварлик, қўшнилар ва бошқа давлатлар билан дўстона муносабатлар йўлингиз бизнинг ҳам йўналишимиздир», — деди Александр Лукашенко.
Давлат раҳбари Беларусда Ўзбекистонга ва асосан беларусликларга ўхшаган ўзбекларга нисбатан жуда илиқ муносабат борлигига эътибор қаратди — улар ўз тарихида кўп синовларни енгиб ўтишга мажбур бўлган жуда меҳнаткаш халқдир, деб ёзади БелТА.
Александр Лукашенко узоқ вақтдан бери Ўзбекистон тараққиётини диққат билан кузатиб келаётгани ва Шавкат Мирзиёевнинг президент бўлгани халқнинг омади эканига ишонишини айтди: «Сизда жуда яхши президент бор. Мен унинг кўзларига қараб туриб ҳам айтаман: сенга ишонган халққа панд бермаслигинг керак».
«[Халқ] қайси маънода омадлики, у Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳаётини яхшиламоқчи», — дея қўшимча қилди Беларусь раҳбари. — Ўзбекистоннинг келажаги буюк. Сизга маслаҳатим: президентингизни имкони борича узоқроқ сақлаб қолинг. Унга вақт керак".
Ўз навбатида, Танзила Нарбаева Ўзбекистон президентининг саломи ва мамлакатга ташриф буюриш таклифини етказди. БелТАнинг ёзишича, Беларусь раҳбари Ўзбекистонда шу йил охири ёки келаси йил бошида келиши кутилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.