Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни Тошкентда Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.
У халқни байрам билан табриклар экан, Ўзбекистонни 32 йил аввал туғилган ва ҳозирда мақсадларига эга бўлган шахсга қиёслади ва мамлакатни «аниқ мақсади ва йўли, позициясига эга бўлган суверен давлат» деб атади.
«Бу — бутун халқимизнинг тарихий ютуғи. Унда ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор», — деди давлат раҳбари.
«Биз юрт озодлиги йўлида курашган, ноҳақ айбланиб, бу дунёдан армон билан кетган ватандошларимизнинг пок номларини тиклашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Сўнгги уч йилда уларнинг 856 нафари Олий суд томонидан оқланди. Биз бундай эзгу ишларни, албатта, давом эттирамиз. Зеро, бу масалада адолат қарор топиши шарт», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
«Пахта сиёсати Оролни қуритди, экологиямизни инқирозга олиб келди, иқтисодиётимизни, таълим тизимини издан чиқарди. Оқибатда бир неча авлод чаласавод бўлиб вояга етди. Биз бунинг асоратлари билан ҳалигача курашяпмиз», — деди у.
«Бугун пахтачиликда бозор иқтисодиёти тамойиллари жорий этилиб, соҳа ўз эгасини топди. Натижада ўқитувчи мактабга, шифокор шифохонага қайтди, тадбиркорлар пахта «ўлпони»дан озод бўлди, мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилди. Ўзбекистон халқаро «қора рўйхатлар»дан чиқарилди», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Лекин биз бугун билан кечаги кунни эмас, бугун билан эртанги кунни таққослашимиз, ишимизни шу асосда ташкил этишимиз керак. Чунки келажак бугун биз ташлаётган қадамлардан бошланади», — дея қайд этди у.
«Биз мутафаккир зотларнинг: „Давлатнинг вазифаси инсонларни бахтли-саодатли қилишдир. Бу мақсадга эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида эришилади“, деган ҳикматли сўзларини ўзимиз учун дастур деб биламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
У мамлакат тараққиётида таълимнинг аҳамияти катта эканини таъкидлади: «Таълимни ривожлантирмасдан туриб, юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълимдир».
Шунингдек, соғлиқни сақлаш, бизнесни ривожлантириш, суд тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ва ёқилғи-энергетика муаммоларини ҳал этиш давлат олдида турган устувор йўналишлар экани қайд этилди.
Бугун замоннинг ўзи талаб қилаётган илм-фан, инновация, IT ва ақлий меҳнатга асосланган бошқа соҳалар Ўзбекистон иқтисодиётининг яқин келажакдаги асосий локомотивларига айланади, бу соҳаларни жадал ривожлантиришга устувор аҳамият қаратяпмиз, деди президент.
«Тарозининг бир палласида ўсиб бораётган қурилишлар, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги турган бўлса, иккинчи палласида ҳар биримиз учун энг зарур бўлган сувни тежаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи турибди».
«Бизнинг вазифамиз ҳар икки йўналишда ҳам мувозанатни сақлашдан иборат. Ҳеч қачон унутмаслигимиз лозимки, табиий ресурслар келажак авлодларимизга ҳам тегишли бўлган бойликдир. Шу боис улардан нафақат бугунги, балки эртанги кунимизни ҳам ўйлаб, оқилона фойдаланишимиз зарур», — деди у.
«Бу борада сувни, энергия ва бошқа табиий ресурсларни тежайдиган иқтисодиётга тезроқ ўтиш муҳим аҳамиятга эга. Биз учун „яшил“ ва рақамли технологиялар, инновацион ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш вазифаси ҳам долзарб бўлиб турибди», — деди давлат раҳбари.
«Биз — низоларни уруш билан эмас, тинчлик билан ҳал этиш йўлини танлайдиган халқмиз. Биз барча халқлар билан ҳамиша муросаи мадора, дўстлик ва ҳамкорликда яшаб келганмиз. Бугунги тараққиёт йўлимизда ҳам айнан шу тамойилларга таянамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Ривожланган фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳақида гап борар экан, буни сўз ва матбуот эркинлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бутун дунёда журналистлар ўзлари ва жамиятни ўйлантираётган, хавотирга солаётган мавзулар ҳақида гапириш ва ёзиш ҳуқуқи учун, ҳақиқат учун курашганлар ва бундан кейин ҳам курашадилар», — деди президент.
«Ишонч билан айта оламанки, мен эркин фикрли журналистлар тарафида бўлганман ва доимо шу позицияда бўламан. Айни вақтда ахборот маконида ҳаққонийлик ва холислик бош мезон бўлиши керак», — дея қўшимча қилди у.
«Олдимизда турган яна бир муҳим вазифа — жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар учун тенг имкониятлар яратиш. Ҳурматли хотин-қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, касб соҳаси бўйича ўсишини таъминлаш борасида ўтган даврда кўп ишларни амалга оширдик. Шу билан бирга, бу йўналишда қиладиган ишларимиз ҳам оз эмас», — деди у.
«Бу йил оиладаги зўравонликка қарши қонунни қабул қилдик. Бундан кўзланган асосий мақсад — оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг бахти ва ҳимоясини таъминлашдир. Биз бу йўналишдаги ишларимизни бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз», — дея қўшимча қилди президент.
Биз бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — кучли давлатмиз!, — дея таъкидлади у.
Шавкат Мирзиёев ўзбек халқини «жамики саъй-ҳаракатларимиз мамлакат равнақи учун, ўз ватанига садоқатли халқимиз учун, сизлар учун», — дея ишонтирди.
«Биз энди кечаги одамлар эмасмиз. Халқимиз ҳам кечаги халқ эмас. Тарихдан маълум: вақтни — имкониятга, имкониятни — ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ — буюк халқдир. Бугун меҳнаткаш, мард ва олижаноб, меҳр-оқибатли элимиз айни шундай халқ бўлиб майдонга чиқмоқда», — деди у.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.