Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни Доҳага давлат ташрифи доирасида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан музокаралар ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, томонлар «Сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш» масалаларини муҳокама қилдилар.
Июнь ойида Қатар амири икки давлат тарихида илк бор олий даражадаги ташриф билан Ўзбекистонга келган эди. Давлат раҳбарларининг музокараларида ҳамкорликни «ҳар томонлама шериклик» даражасига кўтариш бўйича келишувга эришилди. Қатар амири келган куни Ўзбекистон президенти Қатар фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Май ойида Тошкентда Қатар элчихонаси очилди. Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи арафасида эса Доҳада Ўзбекистон элчихонаси ҳам очилди.
Қатар амири ва Ўзбекистон президенти савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, анъанавий ва «яшил» энергетика, нефть-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун 2024 йил январь ойида Доҳада қўшма Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишлари ва бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинди. Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Қатарнинг илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, биотехнологиялар ва сунъий интеллект, «яшил» энергетика борасида қўшма тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор экани таъкидланди. Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризм ҳафталигини ўтказишга келишиб олинди.
Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий илгари суриш масалаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.
Хусусан, ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олувчи қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.