Расмий ташриф билан Москвада бўлиб турган Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув Россия ҳукуматининг Мувофиқлаштириш марказида бўлиб ўтди. Унда икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Россия ҳукумати сайтига кўра, ўзаро савдо-иқтисодий айланма 612 миллиард рубль ёки 98 триллион сўмдан ошган. Январь-июль ойларида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми яна 14,5 фоизга ошиб, бугунги кунда 470 миллиард рублдан ортиқни ёки 58 триллион сўмни ташкил этган.
Россия бош вазири Михаил Мишустин таълимни «ўзаро ҳамкорликнинг жуда муҳим соҳаси» деб атади. Унинг қайд этишича, Россияда 63 минг ўзбекистонлик талаба ўқимоқда. Ҳукумат квотаси 800 тагача оширилган. Ўзбекистонда Россия олий ўқув юртларининг 15 та филиали очилган. «Менимча, бу ерда яқинроқ ҳамкорлик қилиш учун ҳали яна имкониятлар мавжуд», — деди ҳукумат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, «Бизда кўп ташрифлар бўлди, лекин бу сафаргиси мазмунан жуда бой», дея таъкидлади.
«Умуман олганда, икки томонлама муносабатларимиз кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди… Владимир Владимирович [Путин] ва менинг сиёсий иродамиз туфайли сўнгги йилларда бунга эришдик. Сиз таъкидлаганингиздек, ҳамкорлигимизнинг барча йўналишларида муваффақиятлар кузатилмоқда. Бу аслида бизни, одамларни қувонтиради — мана шундай оғир дамларда учрашганимизда, мамлакатларимиз ўртасида алмашув бўлаётганида, албатта, яхши натижага эришилади», — деди Ўзбекистон раҳбари.
Бир кун аввал Мирзиёев Қозон шаҳрида Татаристон раҳбари Рустам Минниханов билан учрашганди. Унда ҳамкорлик масалалари ва икки давлат ҳудудлари форуми якунлари муҳокама қилинган. Ўзбекистонда Россиянинг «Алабуга» ва «Мастер» технопарклари билан саноат паркларини ташкил этиш ҳам келишувлар рўйхатидан ўрин олган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.