Шавкат Мирзиёев МО президентларига Хитой билан кўпроқ товар айирбошлашни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев Хитойдаги саммитда Марказий Осиё давлатлари президентларига бир қатор таклифлар берди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 май куни Сиань шаҳрида “Марказий Осиё Хитой” биринчи саммитида иштирок этди. Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам
қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон президенти ўз нутқида саммит асрлар давомида бутун Евросиёнинг цивилизациясида, ўзаро боғлиқлиги ва тараққиётида муҳим омил бўлган Буюк Ипак йўлининг бошланиш нуқтаси бўлиб хизмат қилган кўҳна Сиан шаҳрида ўтаётгани рамзий маънога эгалигини таъкидлади.
Саъй-ҳаракатларни янада мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон президенти савдо, инвестиция, транспорт ва гуманитар соҳалардаги минтақавий шерикликни узоқ муддатли кун тартиби, истиқболли режа ва вазифалар асосида ривожлантириш бўйича қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Стратегик ёндашувлар, комплекс тавсия ва ечимларни, минтақавий ва глобал миқёсда туб ўзгариш ясайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида олти мамлакатнинг етакчи “ақл” марказлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди. Буни муҳокама қилиш учун майдон сифатида келгуси йилда Самарқандда Миллий ривожланиш стратегияларини ўзаро боғлаш масалалари бўйича халқаро экспертлар конференциясини ўтказиш таклиф қилинди.
Давлат раҳбари Янги иқтисодий мулоқотни шакллантириш ва ўзаро боғлиқликни кучайтириш, 2030 йилга бориб минтақа мамлакатларининг Хитой билан товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш ташаббусини илгари сурди.
Ушбу вазифани саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни мутаносиб ошириб бориш, самарали савдо-логистика инфратузилмаси ва замонавий улгуржи-тақсимот тармоқлари, “яшил” ва экспресс йўлаклар, электрон тижорат учун умумий платформаларни йўлга қўйиш орқали рўёбга чиқариш таклиф қилинди.
Президент иштирокчилар эътиборини саноат кооперациясини кенгайтириш, рақамли технологияларни жалб қилиш ва инновацияларни жорий этиш масалалари Хитой музофотлари билан тўғридан-тўғри ҳудудлараро алоқалар орқали самарали ҳал этилиши мумкинлигига қаратди. Шундай амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, биродарлик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда Ўзбекистонда олти мамлакат шаҳар ва ҳудудларининг форуми ва кўргазмасини ўтказиш таклиф қилинди.
«Хитойни минтақамиз билан боғлайдиган, Европа, Яқин Шарқ ва Африкага олиб чиқадиган хавфсиз ва энг қисқа транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Буюк Ипак йўлини қайта тиклашда Транс-Евроосиё магистрали лойиҳаси устувор аҳамиятга эга бўлиб, “Хитой – Қирғизистон Ўзбекистон” автомобиль ва темир йўллари эса унинг муҳим таркибий қисми бўлади», - деди президент.
Иқлим кун тартиби ва “яшил” энергетика масалалари бўйича ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
«Афсуски, Марказий Осиёда энергетик инфратузилманинг ривожланиш суръатлари саноатлашув ва урбанизация шиддатидан, демографик ўсишдан ортда қолмоқда. Бугун бу мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор тараққиёти учун жуда жиддий хавф туғдиради», - деди Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев.
Хитой қуёш, шамол ва сув энергетикасида технологик жиҳатдан етакчи эканини ҳамда мавжуд молиявий воситаларни ҳисобга олиб, муқобил энергетика соҳасида янада яқин илмий-амалий шерикликни йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.
Бундан ташқари, Оролбўйининг экологик муаммоларини ҳал этиш, биохилма-хилликни ҳимоя қилиш, музликлар ва тупроқни асраш, сув тежовчи технологияларни жорий қилишда самарали ҳамкорлик муҳимлиги айтиб ўтилди.