17 декабрь куни Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин Сеул шаҳридаги «Чонг Ва Дэ» қароргоҳида учрашди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Аввалига, Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган.
Олий мартабали меҳмон ва унинг рафиқаси шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.
Корея Республикаси президенти олий мартабали меҳмонни қутлар экан, Сеул Тошкент билан ҳамкорликни барча йўналишларда янада ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини таъкидлади.
«Ҳурматли Шавкат Мирзиёев жанобларини, менинг қадрли биродаримни қутлайман. Сеулга хуш келибсиз. Шу йил январь ойидаги учрашувимизни яхши эслайман. Ўша мулоқотимиз жорий йилнинг биринчи олий даражадаги учрашувим бўлди. Бугун эса сиз билан йил якунида юзма-юз кўришиб турибмиз. Менинг дипломатик тадбирларим айнан сиз билан бошланиб, якунига етаётганидан айниқса мамнунман. Корея ва Ўзбекистон алоҳида стратегик шериклик муносабатлари билан боғланган ҳамкорлардир». — деди Мун Чжэ Ин.
«Сизнинг ташрифингиз доирасида қатор муҳим ҳужжатларга имзо чекилади. Биз Ўзбекистон билан елкама-елка туриб, глобал иқлим ўзгаришларига қарши туришга, „ақлли“ шаҳарлар, смарт-фермалар, АКТ ва электр автомобиллар ишлаб чиқариш каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрмиз. Келаётган йилда биз дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Умид қиламанки, янги йилда биз биргаликда фаровонликнинг янги саҳифасини очамиз», — деди у.
Президент Шавкат Мирзиёев таклиф учун миннатдорлик билдириб, очиқлик ва ўзаро ишонч икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб келаётганини таъкидлади.
«Учрашиб турганимиздан жуда мамнунман. Давлат ташрифи билан гўзал Кореяга келишга таклиф қилганингиз ва ҳар доимгидек илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорман. Ҳозир об-ҳаво совуқ, лекин кореялик биродарларимизнинг қалби қайноқ. Биз мамлакатингиз ва корейс халқига алоҳида бир самимият билан қараймиз. Менталитетимиз, анъана ва маъанавий қадриятларимиз ўхшаш. Сизнинг «Янги сиёсат"ингиз юқори технологиялар, рақамлаштириш, инновацион ва «яшил» тараққиёт соҳаларида юртингиз етакчилигини мустаҳкамлаш, истеъдодли корейс халқининг улкан интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилди», — деди Ўзбекистон етакчиси.
Ўзбекистон етакчиси узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий шерикликнинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқишни даврни ўзи тақозо қилаётганини алоҳида таъкидлади. Икки мамлакат ҳамкорлиги глобал иқтисодиётнинг бугунги таҳдидларига тўлиқ жавоб бериши керак.
Ўзбекистон ва Корея Эркин савдо тўғрисидаги битимни тузиш масаласида анча илгарилади. Учрашувда ушбу ҳужжатнинг келгуси йилда имзоланиши туфайли товар айирбошлаш кўрсаткичларини ошириш ва мувозанатга келтириш имконияти пайдо бўлишига ишонч билдирилди.
Кореянинг Ўзбекистонга инвестициялари ҳажми 7 млрд доллардан ошган. Жорий йилда 320 млн доллар, яъни 2020 йилга нисбатан 20 фоиз кўп ўзлаштирилди. Бу маблағлар ҳисобига кимё, нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Корея Эксимбанки ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фонди (EDCF) билан кўп йиллик самарали ҳамкорлик алоҳида диққатга сазовор. Масалан, ушбу жамғарма доирасидаги молиялаштириш ҳажми 1 миллиард долларга етказилди. 2023 йилга қадар Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга оширишга салмоқли маблағ йўналтирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг инсон капитали ва табиий ресурслари Корея Республикасининг истиқболли технологиялари ва билимлари билан бирлашса, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун яхши замин яратиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
Шу муносабат билан давлат раҳбари Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш фондини (EDPF) жалб қилган ҳолда Тошкент вилоятида яримўтказгич ва электроника ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Корея кластерини ташкил этиш таклифини билдирди. Унинг ҳудудида фан-таълим муассасалари, илғор технологиялар соҳасидаги тадқиқот ва ишланмалар марказларини жойлаштириш мумкин бўлади.
Ўзбекистон Кореянинг рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, «ақлли шаҳарлар», аутсорсинг, алоқанинг янги авлоди ва интернет-технологиялар борасидаги ютуқларидан ўз амалиётида фойдаланишдан манфаатдор.
Корея таълим модели дунёдаги энг намунали тажрибалардан биридир. Айнан шу боис юртимиз мактабгача таълим тизими Кореядаги ҳамкорларнинг илғор тажрибаси ва билимлари асосида тўлиқ ислоҳ қилинди.
Музокаралар чоғида пандемиядан кейинги даврда туризм соҳаси иқтисодий ўсиш локомотивларидан бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Ўзбекистон Корея компанияларининг меҳмонхоналар ва инфратузилма объектлари қурилиши билан боғлиқ лойиҳалардаги иштирокини қўллаб-қувватлашга тайёр.
Келгуси йилда мамлакатлар дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва корейс диаспораси Ўзбекистонда истиқомат қилишининг 85 йиллигини нишонлайдилар.
Давлат раҳбари 2022 йилни «Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили» деб эълон қилишни, Тошкентда Корейслар тарихи музейи ҳамда Корейс маданият ва санъат уйи қошида кутубхона ташкил этишни таклиф этди.
Шунингдек, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Кореянинг кўплаб масалалар юзасидан қарашлари ўхшашдир. Мамлакатлар халқаро майдонда бир-бирига кўмаклашмоқда. Корея Республикаси Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини, шунингдек, 2023 йилда Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеяси 25-сессиясини ўтказиш жойи сифатида Самарқанд номзодини қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон, ўз навбатида, Кореянинг 2024−2025 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгаши муваққат аъзоси бўлиш ниятини қўллаб-қувватлайди.
Шавкат Мирзиёев «Корея Республикаси — Марказий Осиё» форумининг минтақа барқарор тараққиётига кўмаклашишдаги ўрни кучайиб бораётганини юқори баҳолади.
Ўзбекистон етакчиси ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳа ва дастурларини илгари суриш мақсадида парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги мулоқотнинг янги самарали механизмларини жорий қилишни таклиф этди.
Музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин Ўзбекистон билан Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни қабул қилди.
Икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро битим, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 2022−2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022−2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, шунингдек, энергетика соҳасида ўзаро мулоқот ўрнатиш, «ақлли шаҳар"ларни ривожлантириш, Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси орқали молиялаштириш, нодир металлар, мис ва уларнинг қотишмаларига оид меморандумлар имзоланди.
Маълумот ўрнида, икки давлат раҳбари тўртинчи бор учрашмоқда. 2017 йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёев Корея Республикасида давлат ташрифи билан бўлди.
2019 йил апрель ойида президент Мун Чжэ Иннинг Ўзбекистонга жавоб ташрифи бўлиб ўтди, унинг доирасида Алоҳида стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларация қабул қилинди.
2021 йил январь ойидаги онлайн саммитда эса етакчилар ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш бўйича қатор янги ва долзарб ташаббусларни илгари сурдилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.