Римда Ўзбекистоннинг етакчи тадқиқот ва таҳлилий марказлари таркибида Ўзбекистон делегациясининг Италиянинг Осиё ва Aфрика Ўртаер денгизи институти (ISMAA) билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув иштирокчиларининг вакиллик таркиби Ўзбекистон-Италия муносабатларини чуқурлаштириш масалалари, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, Брюссел ва Римнинг минтақа барқарор ривожланишини таъминлашдаги ролини атрофлича муҳокама қилиш имконини берди.
СМТИ директори минтақавий ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, бугунги кунда Марказий Осиё тобора мустаҳкамланиб, ички ва ташқи таҳдидларга чидамли бўлиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Элдор Aрипов Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатига алоҳида баҳо берар экан, икки минтақа ўртасидаги кўп томонлама мулоқот сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.
Бугунги кунда ЕИ минтақанинг асосий савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиёдаги умумий ташқи савдо ҳажмининг учдан бир қисмидан ортиғи, шунингдек, барча жалб қилинган инвестицияларнинг 40 фоиздан ортиғи Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади.
Ўз навбатида, Италия томони сўнгги йилларда Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга Рим томонидан катта қизиқиш борлигини тасдиқлади.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Осиё ва Aфрика Ўртаер денгизи институти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳужжат доирасида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг натижаларини нашр этиш, икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларига бағишланган конференция ва давра суҳбатлари ўтказиш режалаштирилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.