Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида содир бўлган портлаш юзасидан муносабат билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
«Деновдаги бўлган нохуш воқеа ҳамманинг кўзини очиши керак. «Ҳар бир ҳоким, прокурор, ички ишлар, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар ва қурилиш, саноат хавфсизлиги бошқармалари раҳбарлари ўз ҳудудида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, техник стандартларга амалга қилиш, пала-партиш қурилишларга йўл қўймаслик, ерости тармоқлар ҳисобини юритиш устидан қатъий назорат тизимини ўрнатиши шарт», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Ҳаммаси қонун билан ҳал қилинсин. Худо сақлади, қанча одам нобуд бўлиши мумкин эди. Агар бу кундузи бўлганда нима бўларди?» — дея президент сўзларини келтирди Kun.uz.
«Телевизор орқали ҳаммасини тушунтиринглар, Деновда шундай ҳолат бўлди, деб айтинглар. Яширадиган Ўзбекистон эмас ҳозир. Шу икки одам ўлими бизга синов бўлди. Энди ҳар бир вилоят ҳокими шахсан ўзи бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича масъулиятни зиммасига олади. Энди бундай ҳодиса қайтарилмаслиги лозим, олдинда қиш, эҳтиёткорлик зарур», — деди президент.
Йиғилишда Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов Деновда содир бўлган ҳодиса газ туфайли келиб чиққанини айтган.
«Газчилар эътиборсизлик қилиб, паст босимли трубалар орқали ўрта босимни улаб юборишган. Газ сизиб чиқиб шундай ҳолат юзага келди. Ҳозир ҳодиса прокуратура томонидан жиддий ўрганиляпти», — деди вилояти ҳокими.
Президент бунга йўл қўйган газ таъминоти ходимлари раҳбарлари билан бирга тергов ва суриштирувлар натижасига кўра жавобгарликка тортилишини таъкидлади вабош вазирга бир ой муддатда газ қувурларини хатловдан ўтказиб, натижаси бўйича қарор қабул қилишгатопшириқ берди.
Эслатиб ўтамиз, 7 декабрь куни тонгги 4 лар атрофида Деновдаги икки қаватли «Инденим» савдо мажмуасида газ портлаши содир бўлди, икки киши ҳаётдан кўз юмди, бир неча киши жароҳатланди. Бош прокуратура портлаш бўйича теракт версиясини рад этди. Портлашга тахминан бино ичида бир неча соат давомида газ сизиб чиқиши сабаб бўлгани айтилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.