Андижон вилояти ИИБнинг собиқ ходимлари 5,6 млрд сўм пулларни талон-торож қилгани аниқланди

Андижон вилояти ИИБнинг собиқ ходимлари 5,6 млрд сўм пулларни талон-торож қилгани аниқланди

ИИБ Молия таъминоти хизмати бошлиғи ўринбосари, бухгалтерия бўлими бошлиғи ва яна МИБ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Андижон вилояти ИИБ Молия таъминоти хизмати бошлиғининг собиқ ўринбосари М.М.га нисбатан адолатсизлик қилинаётгани, у коррупцияга курашгани сабаб ўзига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Аниқланишича, вилоят прокуратураси томонидан М.М. ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Хусусан, терговда М.М. ва бошқалар томонидан вилоят ИИБ депозит ҳисобидаги жами 5,6 млрд сўмлик пул маблағи ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Тергов натижасига кўра, вилоят ИИБ Молия таъминоти хизмати бошлиғи ўринбосари М.М., бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот бўлими собиқ бошлиғи Д.А., ИИБ МТХ собиқ ходими Ш.М., МИБ Андижон шаҳар бўлими собиқ ижрочиси Ш.А.га нисбатан ЖКнинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва бошқа моддалари билан айблов эълон қилинган, айбланувчиларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Айбланувчиларнинг айби жиноят иши бўйича тўпланган далиллар йиғиндиси билан ўз тасдиғини топган ва жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилиб, ҳозирда суд муҳокамаси ўтказилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.