Энергетика вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Аксарият интернет фойдаланувчиларининг ёзишишча, метан заправкаларга газнинг лимитдан ҳам камайтирилган тарзда берилаётгани туфайли аксарият заправкалар ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Ишлаётганларида эса табиий газ нархи ошган.
«Аниқланишича, чиндан ҳам Тошкент шаҳридаги 8 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси август ойи учун ажратилган лимитни муддатидан аввал сотиб бўлган. Газ йўқ, шу туфайли улар ўз ишларини тўхтатишган.
Аммо бу заправкаларга август учун ажратилган табиий газ миқдори ўзлари сўраган миқдордан заррача ҳам кам бўлмаган. Ички истеъмолнинг кутилмаганда кескин ўсгани ва талаб ошгани туфайли сўралган лимит ой охиригача етмаган.
Турнақатор навбатларнинг олдини олиш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кечанинг ўзида Энергетика вазирлиги томонидан лимитдан ортиқча бўлса-да, мазкур 8 та АГТКШга қўшимча газ етказиш тўғрисида топшириқ берилди», дейилади хабарда.
Автопаркларнинг метан заправкалардан муайян қарздорлиги борлиги учун бир қатор метан заправкалар уларга хизмат кўрсатишдан бош тортишган. Фақат битта АГТКШ бунга рози бўлган ва соҳа масъуллари барча автобусни шу метан заправкага юборган.
Оқибатда видеолавҳаларда биз ҳам гувоҳи бўлган аянчли вазият юзага келган.
Мазкур масала ҳам кечанинг ўзида ҳал қилиниб, кўнгилсиз ҳолатнинг бартараф этилиши чоралари кўрилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.