Андижонда ҳам дорининг ножўя таъсири оқибатида 12 нафар бола шифохонага ётқизилди — видео

Андижонда ҳам дорининг ножўя таъсири оқибатида 12 нафар бола шифохонага ётқизилди — видео

Аввалроқ, ҳокимлик вилоятда бундай ҳолатлар кузатилмаганини маълум қилиб, баёнот берганди.

Андижон вилоятида ҳам 12 нафар болалар дорининг ножўя таъсири оқибатида шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Андижон филиали токсикология бўлимидаги 12 нафар болалар билан учрашган.

"Дори воситасининг ножўя таъсири оқибатида мазкур шифохонага келган барча ота-оналар ва болалар билан яқиндан суҳбатлашди. Ҳозирда болаларнинг умумий ҳолати яхшиланмоқда. Шифокорларнинг аниқ маълумот беришларича, беморларда жиддий ёки ҳаёт учун хавфли бўлган ҳеч бир ҳолат мавжуд эмас. Уларнинг аксари саломатлиги қониқарли ҳолга келиб, уйларига қайтмоқдалар”, — дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ, ҳокимлик Матбуот хизмати Андижон вилоятида бундай ҳолатлар кузатилмаганини маълум қилганди.

“Кўп сонли заҳарланиш ҳолати ёки бутун бошли бирор муассаса тарбияланувчилари заҳарланган ҳолат ҳозирда вилоятимизда йўқ”, — дея баёнот берганди.

Эслатиб ўтамиз, Наманганнинг Чуст туманида 71 нафар боланинг соғлигидан шикоятлар қайд этилган ва улар шифохонага ётқизилган. Берилган расмий хабарларга кўра, болаларнинг аҳволи яхши. 10 нафарига уйига жавоб берилган.

Шунингдек, мазкур ҳолат президентга етказилган. Давлат раҳбари ҳолатдан қаттиқ ташвишда, улар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади. Вилоят ҳокими ва масъулларга масалани алоҳида назоратга олиш, сабабларини аниқлаш ва тегишли таклифлар киритиш бўйича топшириқлар берилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.