Ўзбекистоннинг 30 та тумани ва 1,4 мингта маҳалласи тоза сув манбасига муҳтож

Ўзбекистоннинг 30 та тумани ва 1,4 мингта маҳалласи тоза сув манбасига муҳтож

Агар “Ўзсувтаъминот” АЖ президент топшириғини бажарса, 145 та маҳалла илк бор марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлади.

Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Қайд этилишича, сўнгги олти йилда ичимлик суви соҳасига давлат бюджетидан 14,5 трлн сўм ёки олдинги даврга нисбатан 6 баравар кўп маблағ ажратилган. 31 минг километр ичимлик суви ва оқова тармоқлари ўтказилган, 1200 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш бўлган. Бу ишлар натижасида мингта маҳалладаги 6,5 млн аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор тоза ичимлик суви кириб борди.

Лекин, ҳали 30 та туман ва 1 минг 400 та маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш талаб этилади. Улар учун тоза сув манбасини топиш зарур. Кўп ҳолларда сув беҳуда йўқотилаяпти, истеъмолнинг аниқ ҳисоби йўқ. Айрим насослар, соҳа корхоналарига тегишли махсус техникалар эскирган. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда шу каби муаммолар муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятига жорий йил якунигача 12 минг километр тармоқ ҳамда 1300 та сув иншоотини қуриш ва таъмирлаш вазифаси қўйилди. Бунинг ҳисобига 145 та маҳалладаги 1 миллион 100 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлади, 2 мингта маҳалладаги таъминот яхшиланади.

Вилоят ҳокимларига халқ депутатлари билан бирга келгуси йил учун дастур ишлаб чиқиб, ҳукумат қарорига киритиш топширилди. Бунда сув таъминоти даражаси паст 30 та туманга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Қўшработ туманида ичимлик суви таъминотини яхшилаш, Бухоро ва Жиззах шаҳарларида оқова сув, Гулистон, Янгиер ва Ширин шаҳарларида канализация тизимларини реконструкция қилиш каби лойиҳаларнинг бажарилиши кўриб чиқилди.

Бухородаги ишлар харажати мақбуллаштирилгани бу борада намуна. Хусусан, Бухоро шаҳрида тозалаш ва оқова сув тизимини реконструкция қилиш бўйича 281 миллион долларлик лойиҳанинг 75 миллион доллари иқтисод қилинган. Бу маблағ эвазига яна 1150 километр сув ва 117 километр оқова тармоқларини қуриш мумкин.

Шу каби лойиҳаларнинг харажатларини мақбуллаштириш, иқтисод қилинган маблағларни ўша ҳудуддаги сув таъминоти ва оқова тизимини яхшилашга йўналтириш муҳимлиги айтилди. Соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимларига яна 24 та истиқболли лойиҳанинг техник-иқтисодий жиҳатлари юзасидан кўрсатмалар берилди. Сув етказувчи насосларни энергия тежамкорига алмаштириш, соҳа корхоналарини молиявий барқарорлаштириш чоралари ҳам белгиланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.