Бекзод Ҳидоятов Тошкентдаги омборхонада содир бўлган портлаш натижасида етказилган зарар нима учун ҳодиса айбдорларидан эмас, жабрланувчиларга давлат ҳисобидан қопланишини тушунтирди.
Бироқ ижтимоий тармоқларда Сергели туманида юз берган фавқулодда ҳодиса натижасида аҳоли хонадонларига етказилган зарар давлат томонидан қопланаётгани муҳокама қилинмоқда.
Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов нима учун бундай қилинаётганига изоҳ берди.
«Гап шундаки, ёнғин оқибатида етказилган зарар учун жавобгар шахсларни аниқлаш ва тергов ҳаракатларини ўтказиш кўп вақт талаб этади. Конституциянинг 23-моддасида давлат ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва ҳомийлик қилишни кафолатлайди, деб белгиланган. Шу боис тергов ва суд жараёни тугагунига қадар таъмирлаш учун зарур бўлган маблағлар захира фондидан олинди», — деб ёзди Бекзод Ҳидоятов ўзининг Telegram каналида.
Шунингдек, у ҳозирда жиноят иши доирасида мазкур ҳодиса юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қайд этди.
«Президент шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда ҳукумат олдига ёнғиндан жабр кўрган фуқароларнинг уйларини совуқ тушгунга қадар тезроқ таъмирлаш вазифасини қўйди ва унинг бажарилишини шахсан ўзи назорат қилади», – деди Бош вазир матбуот котиби.
Тергов ва суд жараёни якунлангач, таъмирлаш учун захирадан сарфланган ҳар бир тийин суд орқали айбдорлардан ундирилади, дея қўшимча қилди Бекзод Ҳидоятов.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.