Вазирлик порталга нима сабабдан 488 млн сўм сарфланиши ва унинг афзалликларини маълум қилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда маданият ва санъат соҳаси вакиллари, уларнинг ижодий фаолияти тўғрисида аҳолига ишончли маълумотларни етказиб берадиган ягона очиқ ахборот тизими мавжуд эмас. Тўй, маросим ва бошқа тадбирларга ўзлари маъқул кўрган санъаткор, ижодкор ёки ижодий жамоаларни таклиф қилиш истаги бўлсада, улар билан тўғридан-тўғри контакт ўрнатиш, боғланиш ёки режа қилинган куни уларнинг вақти, имкониятини билиш қийинчилик туғдириб келади. Яъни, санъаткор ва мухлис ўртасида интеграцион майдон мавжуд эмас.
Яратилаётган портал энциклопедик хусусиятга эга бўлиб, фақат 10 нафар санъаткорнигина эмас, балки мамлакатда ижод қилаётган барча маданият ва санъат соҳаси вакиллари — хонанда-созанда, актёр-актриса, режиссёр, шоир-ёзувчи, сўз усталари, рақс санъати, тасвирий ва амалий санъат вакиллари, аскиячилар, бахши, жиров, оқинлар, цирк артистлари, фольклор жамоалари, ашула ва рақс ансамбллари, эстрада гуруҳлари, оркестр ва хор жамоалари, театр жамоалари тўғрисидаги аниқ ва ишончли маълумотлар билан тўлдирилади.
“Портал орқали маданият ва санъат вакилларини давлат мукофотларига тавсия этишда шаффофликни таъминлаш, жумладан, ”Рейтинг баҳолаш” қуйи тизими орқали кенг жамоатчиликнинг шарҳ ва комментларини ҳисобга олиш, ижодкорлар фаолиятини адолатли сарҳисоб қилиш, умумий баҳоларни автоматик равишда ҳисоблаб бориш режа қилинган.
Вазирлик юқоридаги зарурат ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб ягона очиқ ахборот тизимини яратиш ташаббусини илгари суради. Мазкур портални ишлаб чиқиш харажатлари эса кўп функцияли ва катта маълумотлар базасини ўзи ичига қамраб олувчи янги тизимнинг мураккаб техник вазифаларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган”, — дейилади вазирлик муносабатида.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.