Бош прокуратура меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилган хоразмлик амалдорлар нима учун 3 йил қамоқ жазоси олганини тушунтирди.
Қайд этилишича, иш юзасидан суд-тиббиёт экспертизалари (ДНК экспертизаси, тиббий экспертиза, биологик экспертиза), шунингдек, сўроқ қилиш, юзлаштириш ва бошқа тергов ҳаракатлари давомида олинган далилларни ўрганиш ишлари амалга оширилган. Текширувлар натижасида, иккита судланувчилар ҳаракатларида зўрлаш, қўрқитиб ёки унинг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш ҳолатлари ўз тасдиғини топмаган. Шу сабабли ЖКнинг 118-моддаси (номусга тегиш) қўлланилмаган.
Судланувчиларга ЖКнинг 128-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128-1-моддалари (16 ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш) қўлланилган.
«Бизнинг фикримизча тергов органи томонидан судланувчиларнинг ҳаракатлари мазкур моддалар билан тўғри малакаланган», дейди Светлана Артикова.
Эслатиб ўтамиз, собиқ амалдорларга нисбатан суд қарори билан дастлаб жорий йилнинг апрель ойида 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган эди. Ўшанда мазкур қарор жамоатчилик танқидига учраган. Шундан сўнг, ушбу суд ҳукми 3 ноябрда Тошкент шаҳар суди томонидан бекор қилиниб, янги ҳукм чиқарилди.
Олий суд раиси ўринбосари Икромжон Муслимовнинг айтишича, мазкур суд қарори ҳам якуний эмас. Иш бўйича судланган ва жабрланган тарафлар суд қароридан шикоят ёки протест келтиришга ҳақли.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.