Қиймати 1 млрд 668 млн сўмлик тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбири бўлиб ўтди.
Бугун, 15 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги марказий чиқинди полигонида божхона органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тадбири бўлиб ўтди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида божхоначилар томонидан республика ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган 114 минг 448 қути сигарет ҳамда чилим учун тамаки маҳсулотлари Булунғур туманидаги хонадонлардан бирига тушириб қолдирилгани фош қилинганди.
Жорий йилнинг май ойида вилоятда аниқланган яна бир ҳолатда эса қиймати 48 млн сўмдан 2 минг 760 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Бугунги тадбирда эса айни шу иккала ҳолат юзасидан суднинг тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш бўйича қарори ижроси таъминланди. Тадбир давомида тамаки маҳсулотлари махсус техникалар кўмагида янчилди, сувга бўктирилди ва якунда бутунлай яроқсиз ҳолга келгач, кўмиб юборилди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг ўтган даврида 229 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати 76,2 млрд сўмлик салкам 4,9 млн қути тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1,5 млн қутини ташкил қилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.