Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоиз камайиши кутилмоқда — президент

Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоиз камайиши кутилмоқда — президент

Шавкат Мирзиёев яқин 20 йил ичида икки дарёда сув оқими камайиши ва бунга тайёргарлик кўриш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Сурхондарёга ташрифи доирасида ўтказаётган йиғилишда яқин йигирма йилда Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоиз камайиши кутилаётганини таъкидлади.

Сув тежовчи технологиялар кенгайтирилмоқда, лекин бу етарли эмаслиги қайд этилди.

Маълум қилинишича, Сурхондарёда 80 фоиз ерлар насос орқали суғорилади. Бироқ 52 та насоснинг хизмат муддати 40 йилдан ошган.

Оқибатда, сув таннархи 2 баробар қимматга тушяпти, йилига 20 миллион киловатт соат электр беҳуда сарфланяпти, яна 20 минг гектарда сув таъминоти ёмонлашган.

Шунингдек, 1 минг 700 километр суғориш тармоғининг ярми тупроқ ўзанли бўлгани учун 35 фоиз сув йўқотиляпти.

“Сув – текин эмас, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифа бўлиши лозим“, — деди президент.

Мутасаддиларга 47 та канални бетонлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқиш, сув йўқотилиши кўп бўлган 6 та канални таъмирлаш, келгуси йилда “Шеробод магистраль” каналини таъмирлашга 60 миллион доллар жалб этиб, 90 минг гектар ерларни тиклаш бўйича топшириқ берилди.

Маълумот учун, Толибон ҳукумати Афғонистонда Қўштепа каналини қуришни бошлаб юборган. Мутахассисларга кўра, канал қурилганидан сўнг, Амударёнинг камида 15 фоизи олинади. Натижада, воҳа вилоятларига салбий таъсир кўрсатади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.