Сенат қўмитаси томонидан йил бошидан буён ўтказилган текширишлар давомида деярли 40 нафар мактаб ўқувчисида порнографик, 60 нафарида эса зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи материаллар борлиги аниқланган.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида амалга оширилган ишлар билан бирга вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида айрим муаммолар мавжудлиги аниқланган.
«Шунингдек, вояга етмаганлар орасида содир этилган жиноятлар сони ҳам ортган. Хусусан, 2022 йилнинг 8 ойи давомида жиноятлар сони 92 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 129 тани ташкил этиб, 40 фоизга ортганлигини кўрсатмоқда», дейилади хабарда.
Профилактик тадбирлар давомида 39 нафар мактаб ўқувчиси порнографик, 58 нафари эса зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб этувчи материаллар сақлагани аниқланган. 2 221 нафардан ортиқ тарбияси оғир бўлган болалар билан профилактик суҳбатлар олиб борилиб, 1 853 нафар ўқувчининг ота-онасига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.
Ўрганиш давомида аксарият таълим муассасаларида ўқув машғулотларига сабабсиз ҳамда мунтазам равишда қатнашмаётган вояга етмаганлар мониторингини олиб бориш йўлга қўйилмагани ҳам аниқланган.
Мажлис давомида «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонунни такомиллаштириш юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.
Мажлис сўнггида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг кун тартибидаги масала юзасидан Қўшма қарори қабул қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.