Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева Туркияда бўлиб ўтган «Фаластинда тинчлик учун биргаликда» саммитида иштирок этди.
Истанбул шаҳрида Эмине Эрдоған раислигида ўтган давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларининг йиғилишида Малайзия Маликаси Тунку Азиза, Бангладеш биринчи хоними Ребекка Султон, Босния ва Герцеговина биринчи хоними Сабина Комшич, Қатар Амирининг онаси Шайха Мўза бинт Носир ал-Миснид, Ливан Бош вазирининг рафиқаси Мэй Микати, Покистон Бош вазирининг рафиқаси Садия Раҳматуллох ва бошқа мамлакатларнинг юқори даражали вакиллари ҳам қатнашди.
Ўзбекистон биринчи хоними ўз нутқи давомида Ўзбекистон халқи Фаластиннинг тинч аҳолиси бошига тушган қайғу ва машаққатларни бутун қалби билан ҳис қилаётганини таъкидлади.
Зироат Мирзиёева Ўзбекистоннинг қатъий позициясини билдириб, томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатишга, ночор аҳволга тушиб қолган одамларга гуманитар ёрдам етказилиши учун шарт-шароит яратишга, можарони фақат тинч, дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирди.
«Биз Фаластин заминида рўй бераётган даҳшатли воқеаларни четдан туриб кузата олмаймиз», – деди Ўзбекистон биринчи хоними.
Ўзбекистоннинг Фаластин халқи билан бирдамлиги ва БМТ резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини яратиш ҳуқуқини қатъий қўллаб-қувватлаши билдирилди.
Саммит якунида давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларининг Ғазо сектори бўйича йиғилиши Яхши ният декларацияси қабул қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.