Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида долзарб мавзуларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, 2023-йилнинг 13-январ куни Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раҳбарлигида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлиги томонидан самарали ишлар олиб борилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг ўтган даврида фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳамда хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тадбирлари режали амалга оширилган.
Жумладан, Қуролли Кучлар академиясида ҳарбий педагогика ва психология мутахассисликлари бўйича 2 йиллик махсус сиртқи таълим тизими йўлга қўйилди. Қўшинларни янги намунадаги қурол-аслаҳа ва техникалар билан бутлаш, модернизация қилиш ва таъмирлаш ишлари давом эттирилди.
Мудофаа вазирлиги тизимида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолияти тизимли йўлга қўйилгани ҳам йиғилишда алоҳида қайд этилди. 2023-йилнинг 11 ойида Мудофаа вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан 4 074 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1 826 таси ижобий ҳал этилган, 2 005 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат берилган ва 243 таси ўрганиб чиқилмоқда.
Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда 814 нафар жисмоний ва юридик шахс қабул қилинган ва уларга тегишли амалий ёрдам кўрсатилган.
Ўз навбатида, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг муҳокама қилинган масалалар юзасидан аниқ таклифлари акс этган қарори қабул қилинди. Қарорда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш, масъул раҳбарларнинг бу борадаги шахсий масъулиятини янада ошириш, фуқаролар мурожаатларида энг кўп кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тизимли ишларни йўлга қўйиш, ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳар бир муаммоли масалалар юзасидан ўз вақтида ҳамда асосли муносабат билдириш, мурожаатларни ўрганишда ходимларнинг масъулиятини янада ошириш ҳамда ички назоратни кучайтириш бўйича аниқ чораларни кўриш масалалари қайд этилди.
Сенатор ва экспертлар томонидан билдирилган таклиф, мулоҳаза ва саволларга масъуллар томонидан шу ернинг ўзида жавоб берилди.
Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг ўринбосари, адлия полковниги Қаҳрамон Исроилов ҳам сўзга чиқиб, ҳарбий прокуратура органлари томонидан 2023-йилнинг ўтган даврида Қуролли Кучлар тизимида қонун устуворлигини таъминлашда прокурор назорати доирасида амалга оширилган ишлар ҳолати тўғрисида ахборот берди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.