Агентлик мутахассислари Амударёдан сув оладиган канал аварияси содир бўлган жойни сунъий йўлдошдан олинган суратлар орқали ўрганди.
“Ўзбеккосмос” агентлигининг хабар қилишича, агентлик Қўш-Тепа каналидан сув сизиб чиқишга оид хабарлар турли фазовий ўлчам аниқликдаги мультиспектрал космик суратларнинг ретроспектив таҳлили асосида ўрганиб чиқилди.
Қайд этилишича, қазиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда 2022 йил май ойидан бошлаб ер ости сизот сувларининг кўтарилишини аниқлаган. Қурилиш давомида каналнинг тўртта қисмида сунъий тўсиқлар қолдирилган бўлиб, улар биринчи босқич ишлари якунида 2023 йил 10 октябрда тўлиқ олиб ташланган ва сув оқими ҳосил бўлган.
Маълум қилинишича, канал қурилишига масъул афғон муҳандислари ер ости сизот сувларининг меъёрини назорат қилиш мақсадида каналнинг 75,6 км.да сув мақсадли равишда очиқ ҳудудга йўналтирилганлигини таъкидламоқда.
Қўш-Тепа канали қурилиши динамикасининг космик мониторинги иншоотнинг Амударёдан сув олиш қисмида қазиш ишлари якунланмаганлиги, дарёга уланиш жойида ҳозирда 20 м.га яқин қазилмаган ҳудуднинг мавжудлигини кўрсатмоқда.
Таъкидланишича, мавжуд материаллар сув сизиб чиқиш жойи атрофида ҳозирда сизот сувлари камайиб, канал туби аста-секин қуриб бораётганлигини кўрсатмоқда.
“Шундай қилиб, ўтказилган таҳлиллар интернет тармоғида тарқатилаётган ”Чегара билмас дарёлар“ халқаро экологик коалицияси экспертларининг Қўш-Тепа канали қирғоғи Амударёдан олинаётган сув оқими натижасида ювиб кетилганлиги тўғрисидаги маълумотлари ҳақиқатга мос келмаслигини, сизиб чиққан сув – сизот сувлари эканлигини тасдиқлайди”, дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.