Турк ошхонаси, Мишел юлдузли ресторанлардан тортиб, минтақавий таомларигача халқаро миқёсда диққатга сазовордир. Бой тарихи ва замонавий кўнгилочар марказлари билан машҳур бўлган Истанбул саёҳати давомида шаҳарни тўлиқ ҳис этиш учун турли анъанавий лаззатлардан баҳраманд бўлиш лозим. Жумладан, Истанбулнинг кўча таомлари маданияти ўрганилиши керак бўлган алоҳида мавзудир. Ҳар бир минтақанинг ўзига хос таъмга эга кўча таомлари мавжуд. Қуйида улар ҳақида батафсил танишиб чиқамиз.
Дунёга машҳур турк нонуштасининг асосий қисми бўлган «симит» Истанбулнинг энг машҳур ва кенг тарқалган кўча таомидир. Классик симит диаметри тахминан 15 см бўлган, кунжут уруғлари билан қопланган, ташқи қисми қарсилдоқ, ички қисми майин, осон чайналадиган ҳалқа шаклидаги нондир. Паромлардаги кичик дўконларда ва кўча сотувчиларининг антиқа аравачаларида сотиладиган ушбу Истанбул кўча таоми очликни қондириш учун етарли даражада тўйимлидир. Симит, айниқса, эрталаб бир стакан иссиқ турк чойи ва турк пишлоғи билан мазали нонуштани ташкил қилади. Ушбу учлик тушдан сўнг чой ўрнига айрон ичимлиги билан ҳам ёқимли тамадди ўрнини босади.
«Кокореч» Туркиянинг севимли енгил кўча таоми бўлиб, у тўйимли нон орасига тўлдирилган қўй ёки қўзичоқ ичакларидан иборат. Пишган гўшт ҳалқа шаклида кесилади, ундан сўнг эса, йирик бўлакларга бўлиб мижозларга тортиқ этилади. Турк миллий таомларининг энг ўзига хосларидан бири бўлган «Кокореч» мамлакатда, айниқса, кечки овқат сифатида севиб танаввул қилинади. «Кокореч» яхши тозаланган қўй ичакларини оловда қиздириб, қалампирмунчоқ, чили қалампири, жамбил ва туз каби турли зираворлар билан аралаштириб тайёрланади. Кўпинча юпқа нон орасига ўраб, сендвич кўринишида истеъмол қилинади.
Тўлдирилган мидия Туркиянинг денгиз бўйидаги ҳар бир шаҳрида, айниқса, Истанбул хиёбонлари бўйлаб жойлашган дўконларда мавжуд бўлган мазали ва машҳур таомдир. Мидия қобиғи гуруч, туз, чиғаноқнинг ички суюқлиги ҳамда зираворлардан ташкил топган масаллиқлар билан тўлдирилади ва устига лимон сиқилган ҳолда тортиқ этилади. Мидия сотувчиларни бутун Истанбул бўйлаб, айниқса Таксим, Бешиктош ва Кадкўй туманларида осон учратиш мумкин. Картошка чипслари каби, фақат биттасини истеъмол қилиш деярли имконсиз.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.