«Яшил энергия» сертификатлари савдосидан тушган даромадларга солиқ имтиёзлари берилади

«Яшил энергия» сертификатлари савдосидан тушган даромадларга солиқ имтиёзлари берилади


Жорий йилнинг 25 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб, бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Соҳада амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштиришга қаратилган ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан амалдаги қонун ҳужжатларига «Яшил энергия» сертификатларини бериш ва муомалага киритишга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Шу билан бирга, «яшил энергия» сертификатлари савдосидан тушган даромадларга доир солиқ имтиёзларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Йиғилишда фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллигини бартараф этиш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини белгилаш имконини бериши, бу ўз навбатида партия дастурий мақсад ва вазифалари ҳамда электорати манфаатларига тўла мослиги қайд этилди.

Қизғин баҳс-мунозаралар якунида фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳасининг такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди ҳамда қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Кун тартибига киритилган масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.