Мудофаа вазири ўринбосарлари ва қўмондонлар Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига Президент табриги ва совғаларини етказмоқда
Яқинлашиб келаётган Янги йилни ҳар ким айрича бир сарҳисоб, ўзига хос орзу-интилишлар билан қаршилаш арафасида. Бу йил ҳам мамлакатимизда муваффақиятлар кўп бўлди. Кўплаб хонадон аҳллари кутилмаган ютуқлар, мукофотлар билан тақдирланди. Ана шундай сарҳисоб палласида уруш фахрийлари хонадонлари соҳиб ва соҳибалари ҳам Янги йил олди йўқловларидан беҳад шод бўлишди.
Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-маёр Шуҳрат Холмуҳамедов, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда маҳалла фаоллари пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи Хаева Рибакова ҳамда Зейтуна Муратова хонадонларида бўлиб, Янги йил байрами муносабати билан Президентимизнинг йўллаган табрикларини ўқиб эшиттириб, ажратилган моддий ёрдам пуллари ва қимматбаҳо совғаларни топширишди.
90 ёшни қоралаб, маҳалладошлари, яқинлари ардоғида яшаб келаётган онахонлар кўрсатилаётган бу қадар юксак эътибордан мамнун эканликларини билдиришди. Таъкидлаш керакки, ибратли ҳаёт соҳибалари юртимизда ҳаётнинг тобора яхшиланиши учун амалга оширилаётган ишларни атрофдагиларга, айниқса ёшларга тўғри тушунтириб, оилани, Ватанни ардоқлаш, тинчликни асраб-авайлаш, пок ва ҳалол меҳнат қилиш, доимо илм ва билимга интилиш инсон бахтининг энг асосий омиллари эканлигини қайта-қайта уқтириб келади.
Бу каби йўқловлар юртимиздаги барча ҳарбий округларда қўмондонлар, уларнинг ўринбосарлари, ҳарбий муссасалар бошлиқлари томонидан амалга оширилмоқда.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти