23 ёшли йигит кечаси Instagram'да жонли эфир қилиб, 6 та қоидабузарликлар содир этди. Унга 15 млн сўмдан кўп жарима белгиланди.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ маълумот берди. Маълум қилинишича, 2024 йил 1 январь куни Наманган шаҳар Ислом Каримов кўчасида 2000 йилда туғилган йигит Mercedes-Benz машинасида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, тезликни меъёрдан ошириб, ўзи ва ўзгалар ҳаётига хавф туғдирувчи ҳаракатлар содир этган.
Ҳайдовчи қўлга олиниб, унга нисбатан чора кўрилган. Mercedes-Benz машинаси эса жарима майдонига жойлаштирилган.
Ушбу ҳайдовчи ҳаракатланиш давомида йўл ҳаракати қоидаларининг олтита бандини бузган.
Жумладан:
— машина ойналарининг туси ноқонуний ўзгартирилган (БҲМнинг 25 баравари, 8,5 млн сўм миқдорида жарима);
— ҳаракат давомида телефондан фойдаланган (БҲМнинг 3 баравари, 1 млн 20 минг сўм миқдорида жарима);
— светофорнинг қизил чироғидан ўтган (БҲМнинг 2 баравари, 680 минг сўм миқдорида жарима);
— авария ҳолатини келтириб чиқарган (БҲМнинг 10 баравари, 3,4 млн сўм миқдорида жарима);
— автомобилнинг давлат рақамини ўзбошимчалик билан ечиб олиб ҳаракатланган (БҲМнинг 5 баравари, 1,7 млн сўм миқдорида жарима);
— тегишли ҳужжатсиз машина бошқарган (БҲМнинг 1 баравари, 340 минг сўм миқдорида жарима).
“Наманган шаҳрида тунги вақт соат 03:00 ларда машиналар йўқлигидан фойдаланиб, вақтинчалик олинган машинани тест қилиб кўрдик. Машина 3 кунга эгасидан сўраб олинган эди. Қилган ишимдан пушаймонман. Бутун Ўзбекистон халқидан узр сўрайман. Ҳозир машина жарима майдонига қўйилди”, — дейди қоидабузар ҳайдовчи.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.