БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — ФАО маълумотларига асосан, 2023-йил якунлари бўйича ФАО озиқ-овқат нархлари индексларининг* умумий қиймати 124,0 пунктни ташкил этган. Бу 2022-йилдаги ўртача кўрсаткичдан 19,7 пункт ёки 13,7 фоизга паст.
Дон экинларининг ўртача йиллик нархи ўтган йил охирида, 2022-йилдаги рекорд даражадаги ўртача йиллик кўрсаткичдан 15,4 фоиз паст бўлди: бу пасайиш халқаро бозорларда таклиф етарли даражада сақланиб қолгани билан изоҳланади.
Ўсимлик мойи нархи 2022-йилдагига нисбатан 32,7 фоиз паст бўлди. Бу охирги 3 йил ичидаги энг паст кўрсаткич.
Жаҳон бозорида сут маҳсулотларининг ўртача йиллик нархи 2022-йилдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 16,6 фоиз пасайди: бу тенденция импорт қилувчи мамлакатларда сезиларли захиралар мавжудлиги шароитида импорт талабининг сустлиги билан боғлиқ.
Гўштнинг жаҳон бозоридаги ўртача нархи 2022-йилдагига нисбатан 3,5 фоиз паст бўлди: бу тенденция гўшт импорт қилувчи асосий мамлакатлардан глобал талабнинг сустлиги шароитида етакчи экспорт қилувчи ҳудудларда экспорт имкониятларининг ошиши билан боғлиқ.
Жаҳон бозорида шакарнинг ўртача йиллик нархи 2022-йилдагига нисбатан 26,7 фоиз ошди ва 2011-йилдан буён энг юқори даражага етди. Бу биринчи навбатда жаҳон шакар бозорида талаб ва таклиф мувозанатининг барқарорлигига оид хавотирлар билан боғлиқ.
Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2023-йилда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошишини 9,7 фоиз (беш йил давомидаги минимал кўрсаткич) даражасида ушлаб туришга муваффақ бўлинди. Бу айрим озиқ-овқат маҳсулотлари учун божхона тўловларини нолга тенглаштириш каби чора-тадбирлар натижасидир.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.