— Ҳар иккала давлат вакиллари ўртасида 52 та келишувга эришилди, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Ҳамроев. — Уларнинг ижросини таъминлаш доирасида Андижон вилоятида салкам 2,2 миллиард доллар қийматидаги янги лойиҳалар амалга оширилади. Ҳамкорлик вилоятда таълим, қурилиш материаллари, энергетика, фармацевтика, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида йўлга қўйилади.
Хитойлик ҳамкорлар айни пайтда Андижон вилоятида бўлиб, вилоятдаги “Мундуз” ҳамда “Кампирровот” сув тозалаш иншоотларидаги мавжуд шароит ва имкониятлар билан танишдилар.
— Хитойнинг “Gansu Yucun New Energu Technologu” компанияси томонидан вилоятдаги 1760 та сув қудуқларини электр энергияси билан таъминлаш бўйича келишув имзоланди, — дейди “Андижон сув таъминоти” МЧЖ ахборот хизмати раҳбари Марҳабохон Насриддинова. — Унга мувофиқ 11000 кВт қувватга эга бўлган қуёш панеллари ўрнатилади. Бу аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш ҳажмини янада оширади ва оқова сув хизматини кўрсатиш борасидаги имкониятларни кенгайтиради.
МАНБА: “Халқ сўзи”.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.