Ҳусанбой ота ушлаган жойини қўйвормайдиган одам. Бир ишни бошладими, то якунига етказмагунча тинчимайди. У ўз манфаати учун эмас, халқни, қишлоқ одамларининг узоғини яқин қилиш учун елиб-югуради. Бўлмаса, 1968 йилдан буён битмаган иш учун ярим асрдан буён идорама-идора юрмас эди.
Янги кўприк Избоскан ва Пахтаобод тумани аҳолиси учун қулайлик яратибгина қолмасдан, транспорт воситалари ҳаракати учун ҳам асосий восита вазифасини ўтамоқда. Натижада 500 минг нафардан зиёд аҳолига қулайлик яратилиб, узоғи яқин қилинди. Ҳусанбой отанинг ярим асрлик мурожаати ҳал этилди.
Президент Халқ қабулхоналари томонидан ҳам аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ижобий ҳал этиш, уларнинг ариза, шикоят ва мурожаатларида кўтарилган масалаларга ечим топиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Ойбек маҳаллада яшовчи Боқижон Маҳмудов ўз мурожаатида Избоскан туманида хусусий шифохона очиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётганини маълум қилган. Муаммо шундаки, аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Хитойдан олиб келинаётган 2 миллиард 400 миллион сўмлик замонавий тиббий жиҳозлар 5 ойдан буён божхона терминали омборхонасида номаълум сабабларга кўра ушлаб турилган. Бу мурожаат ҳам Халқ қабулхонаси аралашуви билан ижобий ҳал этилди ва тиббий жиҳозлар шифохонага келтириб ўрнатилди.
Халқ қабулхоналари томонидан республика миқёсида янгича жараёнларни амалиётга татбиқ этилиши ўз самарасини бера бошлади. Яъни, барча вилоятларда ташкилот, муассаса раҳбарлари билан келишилган ҳолда республикамизнинг энг чекка ва олис ҳудудларида оммавий сайёр қабуллар ўтказила бошланди. Натижада юзлаб мурожаатлар қабул қилиниб, кўплаб сўровлар юзасидан ижобий ечимга эришиляпти. Минглаб ҳамюртларимиз ўзларининг узоқ йиллар давомида ечимини кутиб турган муаммолари ҳал бўлганидан хурсанд бўлганлиги янги тизимга берилган муносиб баҳодир.
Бир сўз билан айтганда, Халқ қабулхонаси институти халқ билан мулоқотнинг ўзига хос, ноёб тизими сифатида жамиятдаги муаммоларни бартараф этишга, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлашга яқиндан ёрдам бермоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.