Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
«Ватан ҳимоячилари куни арафасида Қуролли Кучларимиз ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти самарадорлигини таҳлилий кўриб чиқиш ва келгусидаги долзарб вазифаларни белгилаб олиш яхши анъанага айланган. Ушбу мажлис улуғ сана — Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг шонли 30 йиллиги арафасида ўтказилмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент нутқи давомида Қуролли Кучлар сафларида хизмат қилаётган барча ҳарбийлар ва соҳа фахрийларини байрам билан самимий табриклаган.
Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев Қозоғистондаги воқеаларга ҳам муносабат билдирди.
«Сўнгги кунларда биз учун яқин қўшни ва қардош бўлган Қозоғистон Республикасида содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солди. Биз минг йиллар давомида қозоқ халқи билан яқин қўшни бўлиб, биргаликда ёнма-ён яшаб келганмиз. Бизни умумий тарих, урф-одат ва маданият боғлаб туради. Келажагимиз ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқдир», — деди у.
Шу билан бирга, у Қозоғистон gрезиденти Қасим-Жомарт Тоқаев билан бир неча бор телефон орқали мулоқот қилганини тилга олди.
«Ўзбекистон халқи номидан бутун Қозоғистон эли ва раҳбарига барқарорлик ҳамда фаровонликни таъминлаш борасидаги барча саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашимизни билдирдим. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу воқеаларда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва барча яқинларига яна бир бор чуқур таъзия ва ҳамдардлик изҳор қиламан. Жабрланган инсонлар ҳам тез орада соғайиб кетишига тилакдошман», — дея таъкидлади президент.
«Яратганга шукрки, қўшни мамлакатдаги вазият аста-секин ўз изига тушиб бормоқда, давлат тузилмалари ва ижтимоий муассасалар ўз фаолиятини қайта тикламоқда, одамлар осойишта ҳаётга қайтмоқда. Ўз ўтмишида кўплаб мураккаб синовларни бошидан кечирган донишманд қозоқ халқи бу оғир кунларни ҳам тез орада мардона енгиб ўтишига ҳамда янада якдил ва ҳамжиҳат бўлишига ишонаман», — деди давлат раҳбари.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.