Март ойида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати одатда тез кўтарила бошлайди. Март ойида ўртача ҳаво ҳарорати февралга нисбатан 5-6° га, шимолда эса 7-8° га юқори бўлади.
Март ойининг энг илиқ кунларида, айниқса ойнинг иккинчи ярмида қуёш нурлари ҳавони 23-28° илиққача, жанубда эса 30-33° илиққача иситади.
Метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун март ойида қайд этилган энг юқори ҳарорат қийматлари ҳудуднинг катта қисмида 30-33° илиқни, жанубий ҳудудларда эса 34-37° илиқни ташкил этади.
Бироқ, март жуда мураккаб ой деб ҳисобланади. Ушбу ой ҳаво оқимлари йўналиши тез-тез ўзгариши билан тавсифланади. Жанубдан жуда илиқ ҳавони жадаллик билан кириб келиши Волга бўйи, Урал ва Ғарбий Сибир ҳудудларидан совуқ ҳаво оқими кириб келиши билан алмашади.
Илиқ об-ҳаво даврлари совуқ даврлар билан алмашади, бунда ҳарорат кўпинча 0-5° совуққача пасаяди.
Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун март ойида мутлақ минимал ҳарорат ҳудуднинг катта қисмида 15-20о совуқни, Қорақалпоғистон Республикаси ва Қизилқум шимолида 23-25° совуққачани ташкил этади. Устюртда эса 1954 йил март ойида ҳарорат 34-37° совуққача пасайган.
Сўнгги ўттиз йил ичида март ойида бундай паст ҳарорат кузатилмади. Сўнгги 30 йилда март ойининг энг паст ҳарорати ҳудуднинг катта қисмида 6-11° совуқни, шимолда 11-16° совуқни, Устюртда 20-23° совуқни ташкил этди.
Кутилаётган башоратга кўра, март ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 1-2° га паст, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиб, 4-9° илиқни, жанубда 10-11° илиқни ташкил этади.
Ой давомида ҳарорат кечалари 0-5° совуқдан 5-10° илиққача, кундуз кунлари 5-10° илиқдан 17-22° илиққача, жанубда 20-25° илиққача кескин ўзгариб туриши прогноз қилинмоқда.
Республика ҳудудининг катта қисмида ойлик ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида, баъзи жойларда ундан кўп бўлиши кутилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.