Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Бухорода экинларни суғоришни янада мақбуллаштириш мақсадида “АкваКроп” моделини жорий этиш бўйича ўқув семинари ташкил этилди. Семинар Кордоба университети (Испания), Левен католик университети (Белгия) ва Барқарор қишлоқ хўжалиги институти (Испания) халқаро экспертлари томонидан олиб борилди.
“ФАОнинг сув масалалари бўйича олиб бораётган ишлари қишлоқ хўжалигида сувдан самарали ва экологик хавфсиз фойдаланишга қаратилган. Биз сув ресурслари ва уларга боғлиқ экотизимлар ҳолатига зарар етказмасдан ишлаб чиқаришни таъминлашга интиламиз. “АкваКроп” моделининг амалда қўлланилиши қишлоқ хўжалиги экинлари турларини мақбуллаштириш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш, шу билан бирга, сув ресурсларини сезиларли даражада тежаш имконини беради. Бу қурғоқчиликка мойил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳамизнинг мақсад ва вазифаларига тўла жавоб беради”,-деди CACILM 2 миллий лойиҳа бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.
Семинарда Бухоро вилоятида суғорма деҳқончиликнинг ўзига хос хусусиятлари кўриб чиқилиб, пахта, буғдой ва беда етиштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қурғоқчилик ва шўрланиш хавфига қарши курашиш, суғориш технологияларини такомиллаштиришга оид алоҳида тақдимотлар ўтказилди. Суғориш ва суғоришнинг техник томонлари, суғориш ва коллектор-дренаж тизимларидан фойдаланишни режалаштириш схемалари, сув таъминоти стандартлари ва ҳисоби ҳамда бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди. Семинар дастурига далаларга ташрифлар ҳам киритилган.
Семинарнинг амалий қисмида иштирокчилар Бухоро вилоятида “АкваКроп” моделини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлдилар. Иштирокчилар халқаро экспертларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда ҳарорат, ёғингарчилик, шамол тезлиги ва бошқа кўрсаткичлар бўйича маълумотларни электрон тарзда қайта ишлашни амалга оширдилар, тупроқ ва барглардан намликнинг буғланиш коеффициенти бўйича маълумотлар олиб, сўнгра баъзи қишлоқ хўжалиги экинлари мисолида суғориш режимлари ва ҳосилдорлик башоратларини ишлаб чиқдилар.
Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини мақбуллаштириш соҳасида ФАОнинг “АкваКроп” модели каби қулай тизимларни кенг кўламда амалга ошириш қурғоқчиликка мойил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини атроф-муҳитга зарар етказмасдан оширишга ёрдам бериб, бу ўз навбатида қишлоқ аҳолиси ҳаётида энг қимматли ва муҳим омили бўлган сув ресурсларини тежаш имконини беради.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.