Конференция доирасида Франция Дунё океанини муҳофаза қилиш бўйича аниқ ташаббуслар билан чиқади.
Океан — бизнинг умумий бойлигимиз. У барчамизни озиқлантиради ва ҳимоя қилади. Қайта тикланадиган манбалардан ресурслар ва энергия билан таъминлаб, савдо қилиш ва илмий билимларни кенгайтиришга йўл очади. Саёҳат қилиш имконини беради.
Ер юзидаги ҳар учинчи кишининг ҳаёт фаолияти Дунё океани билан боғлиқ эканига қарамай, бугунги кунда у хавф остида. Бу макон ҳали яхши ўрганилмаган, глобал бошқарув тизими мавжуд эмас, муҳофаза учун етарлича маблағ ажратилмайди.
Статистик маълумотлар ҳам кишини ташвишга солади. Америка фанни ривожлантириш ассоциациясининг Science илмий журнали томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, ҳар йили дунё океанига 8 млн тоннадан ортиқ пластик ташланади. Балиқ ресурсларининг учдан бир қисмидан кўпроғига таъсир қилувчи меъёридан ортиқча фойдаланиш, сув муҳитининг кислоталилиги, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва денгиз экотизимларининг йўқ қилиниши жиддий муаммо ҳисобланади. Иқлим ўзгаришининг бевосита оқибатлари сифатида бу муаммоларнинг долзарблиги тобора ортиб бормоқда.
Ҳаракат қилиш вақти келди. Бугунги кунда кўп томонлама хўжалик фаолияти океанларни муҳофаза қилиш соҳасидаги вазифалар кўламига мос келишига эришиш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилмоқда.
БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси ўтказилгани ва глобал исишни чеклаш учун халқаро ҳуқуқий механизмларни яратишга имкон берган Париж келишуви тузилганига 10 йил бўлди. Бу йилги учинчи Океан конференцияси янги тарихий имкониятни тақдим этади. Ницца келишувлари Дунё океанини муҳофаза қилиш ва ундан барқарор фойдаланиш бўйича ҳақиқий халқаро шартномага замин яратади. У БМТ томонидан 2015 йилда қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларига тўғридан-тўғри мос келади.
Бунинг учун Ниццадаги мунозаралар мазмунли ва амалий ҳаракатларни излашга қаратилган бўлиши лозим. Хусусан, Дунё океани ресурсларини бошқаришни яхшилаш, шунингдек, тадқиқотларни молиялаштиришни кўпайтириш масалаларига эътибор қаратиш зарур.
Ресурсларни бошқариш масалаларида Очиқ денгиз тўғрисидаги шартнома асосий восита ҳисобланади. Дунё океанининг 60 фоиздан ортиғини очиқ денгизлар ташкил этади. Ва бу халқаро ҳуқуқ таъсиридан ҳоли ягона макондир. Назорат ва умумий қоидаларнинг йўқлиги углеводородлар ва пластик билан кенг миқёсли ифлосланиш, балиқ овлашнинг ноқонуний ва тартибга солинмаган усуллари, сутемизувчиларнинг муҳофаза қилинадиган турларини овлаш сингари ҳақиқий ижтимоий ва экологик фалокатга олиб келмоқда. Ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш учун Очиқ денгиз тўғрисидаги шартномани яна 60 та давлат томонидан ратификация қилинишига эришиш лозим. Шундагина у кучга киради.
Дунё океанини муҳофаза қилиш давлат ва хусусий маблағларни жалб қилишни ҳамда барқарор «мовий иқтисодиёт»ни қўллаб-қувватлашни талаб қилади. Агар биз Дунё океани тақдим этаётган фавқулодда иқтисодий имкониятлардан фойдаланишда давом этишни истасак, денгиз ресурсларини қайта тиклаш ҳақида қайғуришимиз зарур. Шу муносабат билан Ниццада халқаро савдо, денгиз транспорти, туризм ва инвестиция соҳаларида бир қатор мажбуриятлар эълон қилинади.
Лекин ўзимиз билмаган ёки етарлича билмаган нарсаларни қандай ҳимоя қилишимиз мумкин? Дунё океани ҳақидаги билимларимизни кенгайтириш ва уларни янада кенгроқ тарқатишни таъминлаш зарур. Бугунги кунда инсон Ой ва Марс юзасини хариталашга қодир, бироқ Ер юзасининг 70 фоизини қоплаган океан чуқурликлари ҳақида жуда кам маълумотга эга. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан океанни яхшироқ тушуниш ва кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш учун илмий тадқиқотлар, инновацион изланишлар ва таълимни сафарбар қилишимиз лозим.
Тобора тезлашаётган иқлим ўзгариши ва денгиз ресурсларидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш шароитида Дунё океанини муҳофаза қилишга иккинчи даражали вазифа сифатида қараш мумкин эмас. У барчамизга тааллуқли. Кўп томонлама ёндашув тамойилини қайта кўриб чиқиш бизнинг умумий масъулиятимизга соя солмаслиги керак.
Дунё океани бизни боғлаб туради. Келажагимиз унга боғлиқ. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан биз БМТнинг Океан бўйича учинчи конференцияси халқларимиз, келажак авлодлар ва бутун сайёра учун бурилиш нуқтаси бўлишига эришишимиз мумкин.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.