«Кимгадир ёқадими-йўқми, биз ЕИ билан ҳамкорликни давом эттирамиз» — Абдулазиз Камилов

«Кимгадир ёқадими-йўқми, биз ЕИ билан ҳамкорликни давом эттирамиз» — Абдулазиз Камилов

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, давлат раҳбарининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов Ishonch.uz сайтига берган интервьюсида «Марказий Осиё+» форматидаги халқаро ҳамкорлик, жумладан, Европа Иттифоқи билан муносабатлар кенгайиб бораётгани ҳақида гапирди.

«Биринчи марта тарихда ҳамма Марказий Осиё давлатлари бир, ягона субъект бўлиб ўзларининг янги мавқеини намойиш қиляпти. Бу мавқени халқаро жамият тан оляпти ва мана шу асосда янги форматлар пайда бўляпти. Бугунги кунда „Марказий Осиё+“ форматларининг сони ўндан ошди», — деди Камилов.

Унинг сўзларига кўра, яқинда Самарқандда бўлиб ўтган «Европа Иттифоқи + Марказий Осиё» саммити стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги декларация имзоланди.

«Марказий Осиё давлатларининг сиёсати — жуда прагматик сиёсат. Cолиштириб кўринг: Марказий Осиёда 5 та давлат бор, Европа Иттифоқида — 28 та. Европа Иттифоқининг бюджети тахминан 19 триллион [доллар]. Албатта, бизнинг прагматик манфаатимиз бор ва булар билан қандайдир шартлар бўладими, бўлмайдими, кимгадир ёқадими, ёқмайдими, биз, албатта, мана шу ҳамкорликда давом этамиз», — дея таъкидлади у.

Абдулазиз Камилов, шунингдек, минтақа дунёнинг бошқа қисмларига намуна бўлаётганини таъкидлади: «Кўпинча экспертлар ва кўзга кўринган сиёсатчилар айтяптики, Марказий Осиё бошқаларга намуна, модель бўлиши мумкин. Қўшни давлатлар дўстона алоқаларни ўрнатиб, мана шу яхши қўшничилик тамойили асосида алоқаларни, дўстлигини ривожлантириши мумкин. Минтақавий ўзига хослик — мана шу субъектликка ўхшаган ғоя Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлиги пойдеворини мустаҳкам қиладиган энг муҳим омилдир», — деди у.

Президентнинг махсус вакили минтақавий ўзига хослик ғояси халқаро майдонда ҳам тобора фаолроқ янграётганини эслатди. Хусусан, Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида унинг аҳамиятини яна бир бор таъкидлаган.

2024 йил 4 апрель куни Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити бўлиб ўтди. Унда Европа кенгаши раиси Антониу Кошта, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Марказий Осиёнинг барча беш давлати президентлари иштирок этди. Томонлар стратегик шерикликка ўтишини эълон қилди, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди, шунингдек, молиявий ёрдам тўғрисида битимлар имзоланди. Хусусан, Еврокомиссия тўртта асосий йўналиш бўйича 12 миллиард евро, жумладан, Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш учун 10 миллиард евро ажратишни ваъда қилди.

Саммитдан икки ҳафта ўтиб, 24 апрель куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров расмий ташриф билан Самарқандга келди. Якуний матбуот анжуманида у Европа Иттифоқининг минтақадаги сиёсатини танқид қилди.

«Айниқса, Европа Иттифоқи аъзолари, Европа Комиссиясининг Брюсселдаги раҳбарияти алоҳида ажралиб турибди, улар минтақада ўз кун тартибини очиқчасига антироссия тарафкашлиги билан олға силжитишга ҳаракат қилмоқда. Биз иттифоқчиларимиз ва стратегик ҳамкорларимизнинг кўп векторли сиёсат олиб боришига қарши эмасмиз. Биз ўзимиз ҳамиша барча геосиёсий ва географик соҳаларда ўзаро манфаатли келишувларга эришишдан манфаатдормиз. Лекин Марказий Осиёнинг айрим ҳамкорлари, биринчи навбатда, Ғарб давлатлари Марказий Осиё давлатларининг ҳукумат тузилмаларига, жумладан, чегара, статистика ва божхона иши каби нозик соҳаларга кўпроқ кириб боришга қаратилган дастурларга маблағ ажратиш орқали ўзаро манфаатли лойиҳаларни таклиф қилиб қолмай, ўз манфаатларини илгари суришга ҳаракат қилмоқда», — деди у.

Россия ТИВ раҳбарининг қўшимча қилишича, Москва «ҳамкорлик жараёнларининг сиёсийлаштирилишига, у ёки бу мамлакатлар гуруҳининг ушбу ва бошқа геосиёсий маконларда ҳукмронлик ўрнатишга уринишлари билан боғлиқ мафкуравий элементларнинг киритилишига қарши».

Халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Юрий Саруханян «Газета.uz»га ёзган колонкасида Марказий Осиё Европа Иттифоқидан нималарни ўрганиши мумкинлигини санаб, минтақа мамлакатлари янги интеграция жараёнини бошлаш ёки 2000-йилларнинг ўрталарида ташлаб қўйилган интеграция жараёнини қайта йўлга қўйиш ҳақида ўйлаши вақти келганини таъкидлаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.