Учрашув аввалида федерация раиси Азизжон Камилов, раис ўринбосари Алишер Нарбаев ва бошқа мутасаддилар спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларини халқаро майдондаги муносиб натижалари билан қутлашди.
Азизжон Камилов амалга оширилган ишларнинг аҳамиятини таъкидлаб, асосий эътиборни олдинда турган Жаҳон ва Осиё чемпионатига жиддий тайёргарлик кўришга чақирди. Ўтказилган беллашувларни чуқур таҳлил қилиш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш устида ишлаш кераклигини таъкидлади.
Спортчиларимиз хорижда бўлган пайтлари интизом ва хулқ-атвор масалаларига алоҳида эътибор қаратишлари кераклиги айтилди. Федерациямиз мутасаддилари халқаро йиғинлар, мусобақаларда, шунингдек рақиблар, мураббийлар ва ташкилотчилар билан мулоқотда қатъий риоя қилиниши керак бўлган қоидаларни эслатиб ўтишди.
Дзюдочилар халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладилар ва уларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам татамида, ҳам унинг ташқарисида жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида мамлакат қиёфасини шакллантиради. Шунинг учун нафақат спорт маҳоратини, балки дзюдо фалсафасининг асоси бўлган юксак маданият, интизом ва ҳурматни намойиш этиш айниқса муҳимдир.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.