Депутатлар атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишга доир қонунга ўзгартиришларни концептуал маъқуллади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 19 август куни бўлиб ўтган мажлисда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунни биринчи ўқишда қабул қилди, дея
хабар бермоқда парламент қуйи палатаси.
Ҳужжатда «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга атом энергиясидан самарали ва хавфсиз фойдаланиш, давлат органларининг ваколатларини аниқлаштириш, атом энергетикаси соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш, уни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар назарда тутилган.
Хусусан, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ушбу соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли орган этиб белгиланди. Ҳозирда регулятор Энергетика вазирлиги ҳисобланади. Агентлик тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш, хавфсизлик чораларини белгилаш ва халқаро ҳамкорликни таъминлашга жавобгар бўлади.
Йиғилишда Ўзбекистон Атом электр станциясини қуриш дирекцияси бошлиғи ўринбосари Отабек Амановнинг аниқлик киритишича, агентлик зиммасига 17 та устувор йўналиш, жумладан, ядровий объектлардан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича ислоҳотлар, халқаро стандартларга мос радиациявий ва ядровий хавфсизлик тизимини яратиш, илмий-тадқиқот ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш каби вазифалар белгилаб берилган.
Энергетика вазирлиги атом энергияси манбаларининг ҳисобини ва электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол балансидаги атом энергияси улушини юритиш билан боғлиқ вазифаларни амалга оширади.
У ядро энергетикасини ривожлантиришнинг стратегик аҳамияти ва қонунчилик базасини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, атом электр станциялари 30 дан ортиқ мамлакатларда қўлланади. 400 дан ортиқ реакторлар ишламоқда, улар жаҳон электр энергиясининг қарийб 10 фоизини таъминлайди.
Аманов, шунингдек, ядро технологиялари нафақат энергетика, балки бошқа соҳаларда ҳам қўлланишини таъкидлади. «Бугунги кунда улар саноат, ядро тиббиёти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини стерилизация қилиш, маданий меросни асраб-авайлаш ва бошқа соҳаларда самарали қўлланаётгани миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда, — дея қўшимча қилди у.
Қонуннинг 12-моддасига ядро технологияларини ноэнергетик соҳаларда қўллаш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишга оид тегишли ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилиш учун якдил овоз берди. Энди у Сенатга юборишдан олдин иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилиши керак.
Июнь ойида Россиянинг С.Березина номидаги тиббиёт институти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда Ядро тиббиёти марказини ташкил этиш режалари маълум қилинганди.
Ўзбекистонда АЭС
- Ўзбекистон ва Россия АЭС қурилиши бўйича келишувни 2018 йилдаёқ имзолаган эди. Ҳужжатда Ўзбекистон ҳудудида ҳар бир энергоблокнинг белгиланган қуввати 1,2 ГВт гача бўлган Россия лойиҳаси бўйича сув-сув энергетик реактори асосидаги иккита энергоблок таркибидаги атом электр станциясини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш, эксплуатация қилиш ва фойдаланишдан чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган
- Атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома 2024 йил 27 май куни Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида АЭС қурилиши дирекцияси ва «Атомстройэкспорт» («Росатом»нинг муҳандислик бўлими) ўртасида тузилганди. «Росатом» станция қурилишининг бош пудратчиси бўлади, қурилишга Ўзбекистон компаниялари ҳам жалб этилади.
- Президент Шавкат Мирзиёев кичик атом электр станциясини қуриш лойиҳасини «ҳаётий аҳамиятга эга» деб атаган. «Агар биз Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига чиқиш истиқболлари ҳақида ўйласак, катта миқдордаги уран захираларига эга ва уни учинчи давлатларга экспорт қилаётган мамлакатимиз учун бу лойиҳа ҳаётий аҳамиятга эга», — деганди у.
- «Росатом» раҳбари Алексей Лихачёвнинг айтишича, станцияни 2029 йилдан 2033 йилгача «босқичма-босқич» ишга тушириш режалаштирилган.
- Лойиҳа РИТМ 200Н босимли сув ядро реакторига асосланган бо’либ, РИТМ 200 кема қурилмасининг адаптацияси бўлиб, у ядровий музёрарлар учун мўлжалланган. Бу реакторларга эга қуруқликдаги атом электр станциялари ҳали қурилмаган.
- Ўзбекистондаги кичик атом электр станциясининг биринчи блокини 2029 йил охиригача ишга тушириш режалаштирилган, бироқ Якутияда худди шундай лойиҳани ишга тушириш 2028 йилдан 2030 йилга кўчирилган.
- 2024 йил 10 сентябрь куни АЭС қурилиши дирекцияси ва «Атомстройэкспорт» станция лойиҳаси бўйича ишларни бошлаш тўғрисидаги протоколни имзолаган. Бу қурилиш майдонида тайёргарлик ишларининг фаол босқичи бошланиши ва лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилишини англатади.
- Жиззах вилоятида қуриладиган кичик қувватли атом станциясининг умумий қуввати, сўнгги маълумотларга кўра, 110 МВт бўлиб, ҳар бири 55 МВт бўлган иккита реактордан иборат бўлади (дастлаб олтита режалаштирилган эди).
- «Ўзатом» раҳбари Азим Ахмедхаджаевнинг айтишича, биринчи бетонни қуйиш (станциянинг ўзини қуриш учун) 2026 йилнинг март ойига мўлжалланган: «Президент бизга муддатларни чапга эмас, ўнгга силжитиш, яъни муддатларимизни тезлаштириш бўйича топшириқ берди».