Ҳужжат қоғозбозлик ва инсон омили таъсирини камайтиришга, шунингдек, суд жараёнларини рақамлаштириш орқали фуқароларга қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган.
Судларга мурожаатлар фақат электрон шаклда қабул қилинади ва суд ишлари тўлиқ рақамли кўринишда юритилади. Масалан, илгари аксарият ҳолларда фуқаролар ва тадбиркорлар ариза ёки даъвони қоғоз шаклида, суд девонхонасига шахсан келиб топширарди. Бу қўшимча вақт ва харажатларни талаб қиларди.
Процесс иштирокчилари судьянинг рухсатисиз суд биносига келмаслиги ва суд мажлисига масофадан туриб уланиши мумкин. Суд харажатлари онлайн ҳисоблаб чиқилади ва тўланади, бу эса коррупция хавфини камайтиради.
Фуқаролар даъво аризаси беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд жараёнининг эҳтимолий натижасини ва у билан боғлиқ харажатларни башорат қилиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, тарафлар барча иш материаллари билан электрон тарзда танишишлари мумкин бўлади, мажлис баённомалари реал вақт режимида автоматик тарзда шакллантирилади, суд ҳужжатлари лойиҳалари эса тизим томонидан генерация қилинади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларга фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича бирламчи маълумотлар Ягона давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.
2025 йил якунига қадар Олий суд ва тергов органлари ўртасида электрон маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, жарималарни кузатиш ва тўлаш бўйича мобил илова ишлаб чиқиш, «Рақамли ҳукумат» тизими маълумотлар базаларини суд тизими билан интеграция қилиш, шунингдек, маъмурий ишлар бўйича ҳужжатларни Ички ишлар вазирлигининг «E-ma'мурий иш» тизими орқали электрон шаклга ўтказиш режалаштирилган.
Янги бинолар «Рақамли суд» концепцияси ҳамда фуқаролар ва суд тизими ходимлари учун замонавий шароитлар яратишни инобатга олган ҳолда барпо этилади.
Пайшанба куни президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда қайд этилишича, фуқаролик ва иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилаётган даъволарнинг катта қисми низосиз ишлардир. Шу муносабат билан бундай масалаларни кўриб чиқишни маъмурий органларга (нотариусларга) ўтказиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида судлар ҳар йили 1 миллион низосиз ишни кўриб чиқиши, шундан 200 мингтаси коммунал қарзлар бўйича бўлиши хабар қилинганди. Президент ўшанда бу масалаларни нотариуслар даражасида ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлаган эди. Бундай ишларни кўриб чиқишни давлат идораларига ўтказиш таклиф этилди.
Яна бир янгилик — маъмурий ва иқтисодий ишлар экстерриториал тартибда, яъни ҳудудларга боғламасдан кўриб чиқилиши белгиланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.