Ҳокимият, шунингдек, коммунистик реваншнинг олдини олишга интилган, чунки коммунистлар ва уларнинг ўша пайтдаги раҳбари Серикболсын Абдильдиннинг жамиятдаги нуфузли анча баланд эди. Қарорга кучли президентлик ҳокимиятини талаб қиладиган мураккаб иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш зарурати, шунингдек, беқарор геосиёсий вазият таъсир кўрсатган.
Ўтган 30 йил ичида бу тизим тамоман битди. Шунинг учун президент Тоқаев парламентнинг иккинчи палатаси мавжудлигидан маъно кўрмаяпти, чунки бу тизим қонун ижодкорлиги жараёни самарадорлигига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, президент ҳокимияти эса мамлакатда ва икки палатали парламентда устунликка эга. Зеро, республика бундан кейин ҳам президент бошқаруви шаклида қолаверади. Конституцияда президент ички ва ташқи сиёсатни белгилаши, олий бош қўмондон бўлиши, бош вазир, кучишлатар тузилмалар раҳбарларини номзод қилиб кўрсатиши, уларни исталган вақтда ишдан бўшатиши ва парламентни тарқатиб юбориши мумкинлиги ҳақидаги қоидалар сақланиб қолади. Шунинг учун ҳам парламентнинг икки палатасини сақлаб қолишнинг маъноси бор ёки йўқлиги ҳақидаги мунозаралар эксперт доираларида ҳам, фуқаролик жамияти орасида ҳам етилиб келаётганди.
Бундан ташқари, президент 2019 йил ёзида бўлиб ўтган Миллий жамоатчилик ишончи кенгаши йиғилишидан бошлаб вақти-вақти билан қандайдир сиёсий ислоҳотларни амалга ошириши керак, деб ҳисоблайди. 2029 йилда Қозоғистонда ҳокимият алмашиши ва учинчи президент пайдо бўлишидан келиб чиқиб, ички барқарорликни таъминлаш муҳимдир. Яъни, бир томондан, мамлакатни сиёсий «тортиш-итариш» бошланадиган парламент республикасига айлантирмаслик. Аммо, бошқа томондан, агар давлат раҳбари бутун ҳокимиятни ўз қўлида тўплашга ва шахсий автократияни ўрнатишга ҳаракат қилса, унга қарши туриш салоҳиятига эга бўлган парламентни кучайтириш лозим.
Агар ушбу ислоҳот йўл очадиган истиқболларни таҳлил қиладиган бўлсак, бу парламент фаолияти самарадорлигини ошириши мумкинлигини таъкидлаган бўлардим. Ҳозир ваколатлар Мажилис (парламентнинг қуйи палатаси — таҳр.) ва Сенат ўртасида тақсимланган. Бир палатали парламент бўлса ҳамма нарса билан шуғулланади, ҳар бир депутатнинг роли ошади ва натижада парламент янада аҳамиятли ва самарали ҳокимият органига айланиши мумкин. Лекин бунинг учун сиёсий ирода керак. Парламент кўпроқ эркинликка, парламент текширувларига, шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
Шу билан бирга, Қозоғистонда демографик картина ўзгаришда давом этаётгани ва турли ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги тафовут ортиб бораётганини ҳисобга олиш муҳимдир. 90-йилларда мамлакат озми-кўпми бир хил эди, ижтимоий ва сиёсий гуруҳлар мафкуравий жиҳатдан яқин эди, чунки улар ягона совет тизимида шаклланганди. Ҳозир эса бир неча гуруҳларни ажратиш мумкин — диний ультраконсерваторлар, дунёвий миллатчилар, россияпарастлар ва ғарб ультралибераллари. Уларнинг барчаси бир-биридан жуда узоқда. Ва агар уларнинг барчаси парламентда акс этади деб тахмин қилсак, бу сезиларли сиёсий бўлинишга олиб келиши ва палатанинг ўз фаолияти самарадорлигини кескин пасайтириши мумкин. Бироқ янги ўйин қоидалари, янги сиёсий менталитет, ҳозирча кучли президентлик ҳокимиятида турган жамият ичидаги ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни сақлашнинг янги тизимини ишлаб чиқиш учун бундай босқичдан ўтишимиз фойдали бўлиши мумкин.
Бу орқали давлат бошқаруви сифати ошадими ёки йўқми — алоҳида масала. Ҳозирча унга аниқ жавобим йўқ.
Ўйлашимча, айни пайтда ҳокимиятимиз президент Тоқаев олти йил давомида амалга ошираётган ислоҳотлар доирасида сиёсий тизимни оптималлаштириш билан шуғулланмоқда. Албатта, биз бир вақтнинг ўзида эркинлик, плюрализм ва сиёсий барқарорликни таъминлайдиган идеал моделни ҳали топганимизча йўқ. Бироқ партияларни рўйхатга олиш чегарасини пасайтириш ва бунинг учун тўсиқларни бартараф этиш, сайлов бюллетенларига «барчасига қарши» бандини қўшиш, бир мандатли депутатлар билан тажриба ўтказиш каби қўлланаётган чоралар — буларнинг барчаси сиёсий тизимнинг энг мақбул шаклини яратиш йўлидаги ижодий изланишлар мавжудлигидан далолат беради.
Республиканинг кўп миллатли ва кўп динли эканини инобатга олган ҳолда, сиёсий тизимнинг демократиклиги, бошқа омиллар қаторида, унинг турли ижтимоий қатламларни қанчалик тўғри акс эттиришига қараб баҳоланиши лозим. Ҳозирги парламент ҳеч қачон ижро этувчи ҳокимият устидан ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати принципига мувофиқ назоратни амалга оширадиган самарали ва мустақил ҳокимият органи бўлмаган. Юқори палатанинг тугатилиши эса давлат бошқаруви тизимини демократлаштиришга олиб келмаслиги аниқ.
Нима учун парламент ислоҳоти айнан ҳозир эълон қилинди? Шундай қилиб, ҳокимият потенциал қаршилик марказларини йўқ қилиш, ҳокимиятни марказлаштириш орқали сиёсий хавфларни минималлаштиради, деб тахмин қилиш мумкин. Эҳтимол, Қозоғистонни олдинда қарама-қарши ва жуда баҳсли қонунлар ва қарорлар кутмоқда, уларнинг қабул қилиниши минтақавий ҳокимият ва элиталар билан келишмасдан, тезроқ ва самаралироқ бўлар балки. 2022 йил январь воқеаларида мамлакат сиёсий элитаси қандай роль ўйнаганини ҳисобга олсак, бу муаммо долзарбдир.
Парламент палаталаридан бирининг тугатилиши президентга ўз қарорларини назарий жиҳатдан қонунларни тўсиб қўйиши мумкин бўлган Сенат билан келишмасликка имкон беради ва қарорларни келишиш вақтини қисқартиради. Бундан ташқари, ҳокимият ҳақиқий рақобатсиз сайловлар орқали партия рўйхати бўйича сайланган депутатларни назорат қилиши осонроқ бўлади. Бу ерда шуни ҳисобга олиш керакки, келажакдаги ривожланиш вазифалари ҳақида гапираркан, Тоқаев уларни бажаришнинг долзарб эканига урғу берди.
Таклиф этилаётган парламент ислоҳоти истиқболлари ҳақида гапирганда шуни таъкидлашни истардимки, ўтмишда давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш бўйича турли таклифлар бир неча бор муҳокамага қўйилган ва ҳатто ҳаётга татбиқ этилган. Булар, масалан, 2019 йилги Жамоатчилик ишончи бўйича миллий кенгаш ва 2022 йилги Конституциявий ислоҳот. Бироқ реал ўзгаришлар юз бермади.
Парламент ислоҳоти партиявий тизимнинг аҳамиятини ошириши мумкин. Бир палатали парламентда партиялар қонун ижодкорлиги жараёнида анча катта роль ўйнайди. Шунингдек, таркибий жиҳатдан парламент қонунлар ва қарорлар қабул қилиш тезлиги нуқтаи назаридан янада самарали бўлади. Катта эҳтимол билан, мамлакатда партиявий ҳаёт ҳам жонланади.
Бироқ буларнинг барчаси мухолифатнинг ҳокимиятга келишига йўл қўймаслик ёки фақат ўзига маъқул бўлган партияга йўл очиш учун кўпроқ ҳаракат қиладиган ҳокимиятнинг ўзи учун ҳам ставкаларни оширади. Маълумки, фикрлар хилма-хиллиги бўлмаган парламент адолатли бўла олмайди, чунки у озчиликлар ва турли ижтимоий гуруҳлар манфаатларини ифодаламайди. Бундай парламент доимо ҳокимият томонида бўлади, режимнинг хавфсизлигини таъминлайди.
Умуман олганда, авторитар мамлакатлар учун уларда қандай парламент бўлишининг аҳамияти йўқ, чунки бутун ҳокимият уни сақлаб қолишга уринаётган ягона партия ёки давлат раҳбари қўлида тўпланган бўлади. Парламент ёки конституциявий ислоҳотлар билан авторитар ҳокимият бир ўқ билан иккита қуённи уришга ҳаракат қилади. Бир томондан, аҳоли ва Ғарб жамоатчилиги олдида ўз бошқарувини қонунийлаштириш ва демократик қадриятларга содиқлик учун демократик ўзгаришлар кўринишини яратиш. Бошқа томондан, содиқ парламентга кўпроқ ваколатлар бериш ва шу билан ўз мавқеини мустаҳкамлаш.
Назаримда, Қозоғистон парламенти ва бутун давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш учун плюрализм ва очиқлик тамойиллари асосида қурилган ҳақиқий кўппартияли парламентни шакллантиришга ҳисса қўшадиган эркин ва адолатли сайловлар зарур. Шунингдек, ҳокимият марказлашмаслик процесси бўйича бир қарорга қилиши ҳам муҳимдир. Масалан, вилоят аким (ҳоким)лари ва республика аҳамиятига молик шаҳарлар акимларининг сайлаб қўйилишини жорий этиш ҳисобига. Бу уларнинг маҳаллий электорат олдида тўғридан-тўғри ҳисобдорлигини ва шунга мос равишда маҳаллий сиёсатнинг самарадорлигини таъминлайди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.