Президент — Ўзбекистон камбағалликка қарши қандай курашаётгани ҳақида

Президент — Ўзбекистон камбағалликка қарши қандай курашаётгани ҳақида

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва инсон капиталини ривожлантириш бўйича етти устувор йўналишни қамраб олган комплекс дастур амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни Наманганда бўлиб ўтган «Камбағалликдан фаровонлик сари» халқаро форум очилишида айтиб ўтди.

Давлат раҳбари асосий эътибор камбағал аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратишга қаратилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ўтган саккиз йилда 700 минг тадбиркор ўзининг барқарор бизнесига эга бўлди.

«Эътиборлиси, давлат бизнесга шароит яратиб беряпти, тадбиркорлар эса ўзига ижтимоий масъулият олиб, эҳтиёжманд аҳолини ишли ва даромадли қилишда кўмакчи бўлмоқда. Мана шундай самарали ҳамкорлик туфайли шу йилнинг ўзида 270 мингдан зиёд камбағал оила аъзоси доимий ишли бўлди», — деди у.

Инфратузилма


Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда қишлоқларда яшаш шароитини яхшилаш, йўл қурилиши, тиббиёт ва таълим хизматларини кенгайтириш бўйича 5 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

3,5 млн аҳоли яшайдиган шароити оғир 1 мингта маҳаллада инфратузилма яхшиланмоқда. Натижада 2025 йилнинг ўзида 470 минг хонадон томорқасига сув борди, яна 790 минг хонадонда электр энергияси таъминоти яхшиланди, дейилади хабарда.

Келгуси йилда маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга яна 400 млн доллар ажратилади. 32 та туман ва 328 та оғир маҳалла танланиб, уларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Шунингдек, 810 та маҳаллада сув, канализация, йўл, мактаб ва боғча қуриш бўйича 1,3 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Уй-жойга муҳтож ва даромади паст аҳолига ипотека тизимидан фойдаланиш учун ҳар йили 200 млн доллар субсидия ажратилади.

Таълим


Президент сифатли таълим инсон капиталини ривожлантириш, узоқ муддатли истиқболда камбағалликни қисқартиришнинг асосий «драйвери» бўлиб қолишини таъкидлади.

Болаларнинг боғча билан қамраб олингани 27 фоиздан 78 фоизга ошгани натижасида 1 млн аёллар таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва даромад топиш имконига эга бўлди, дейилади хабарда.

Келгусида қуйидагилар режалаштирилмоқда:

  • камбағал оила фарзандларини мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш;
  • бундай оилалар фарзандлари учун хорижий тил ва касб-ҳунар ўрганишга кетадиган харажатларнинг 80 фоизини қоплаб бериш ва бу орқали 100 минг камбағал оила фарзандларини қамраб олиш;
  • халқаро стандартлар асосида Касбга тайёрлаш халқаро марказлари ташкил этиш;
  • уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар беришни йўлга қўйиш.

Соғлиқни сақлаш


Президент инсон саломатлигини муҳофаза қилмай туриб, унинг имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариб бўлмаслигини қайд этди.

Унга кўра, 140 минг камбағал оилага шифокор бириктириб, уларни йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилди.

Энди кафолатланган тиббий хизматлар кўпайтирилиб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажати 2 карра қисқартирилади. Бунда уларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети тақдим этилади.

Давлат раҳбари ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан манзилли ишлаш камбағалликка қарши курашда асосий йўналишлардан бири эканини айтди.

Шу мақсадда бу тизим тубдан ислоҳ қилиниб, илгари 6 та давлат ташкилотида бўлган ваколатлар ягона Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига бирлаштирилди. Ҳар бир туман ва шаҳарда 100 дан ортиқ ижтимоий хизматларни «бир дарча» тамойили асосида кўрсатадиган «Инсон» марказлари ташкил қилинди. Ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходим аҳоли билан проактив ишламоқда.

Шунингдек, имконияти чекланган аҳолининг камбағалликка тушиб қолиш эҳтимоли юқорилиги боис, уларни қўллаб-қувватлаш, инклюзивлик асосида жамиятга интеграция қилиш бўйича янги ёндашувлар ишлаб чиқилди.

Президентнинг таъкидлашича, 2025 йил 150 минг ногиронлиги бор шахслар ишга жойлашди. Уларга ҳаётий зарур тиббий жиҳоз, аравача ва протезлар бепул етказиб берилмоқда.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш


Шавкат Мирзиёев мамлакатда хотин-қизларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига олиб чиқилгани ҳақида гапирди.

Хотин-қизларга олийгоҳда ўқиш учун фоизсиз кредит ажратиш, магистратурада бепул таълим олиш тизими жорий этилди. Бугун талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда, шу йилнинг ўзида 1 млн 700 минг аёл ишли бўлди.

Буни давом эттириб, «Рақамли авлод қизлари» дастури доирасида 50 минг нафар қизлар ахборот ва молия технологиялари, сунъий интеллектга ўқитилади.

«Хотин-қизлар жамиятнинг барча бўғинларида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш доимий эътиборимиз марказида бўлади. 2025 йилдан меҳнат бозорида аёллар учун тенг шароит яратиш мақсадида ижтимоий суғурта тизими қамровини кескин оширамиз. Бу уларнинг камбағалликка тушиб қолмаслигини кафолатлайди», — деди у.

Мирзиёев форум иштирокчиларини келаси йили Наманганда бўлиб ўтадиган Осиё ишбилармон аёллар форумига таклиф қилди.

Барқарор ривожланиш мақсадлари


Президент Ўзбекистонда давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш учун сарфланаётганини таъкидлади.

«Глобал миқёсда ушбу мақсадларга эришиш учун ривожланаётган давлатларга йилига 4 трлн доллардан зиёд маблағ зарур. Бундай шароитда хавф-хатарларни объектив баҳолаш, молиявий ресурсларни жалб қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича «камбағалликка қарши курашнинг янги молиявий архитектураси»га эҳтиёж сезилмоқда», — деди у.

Ушбу масалаларга ечим топиш мақсадида президент 2026 йилда кўҳна Хива шаҳрида халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар иштирокида юқори даражадаги конференция ўтказишни таклиф қилди.

«Инсон қадрини улуғлаш орқали уларга муносиб шароит яратиш, бу борада камбағалликни қисқартириш — Янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотларнинг замирини ташкил қилади. Бир нарсага аминман: Ўзбекистон ортга қайтмас ислоҳотлар йўлидан қатъий бориб, камбағалликни қисқартириш борасида ҳам, Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришиш бўйича ҳам барча мажбуриятларини бажаришга ҳаракат қилади», — деди давлат раҳбари.

Президент форумда, шунингдек, Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни 2 карра қисқартириш бўйича олган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

Аввалроқ Дийдор Бердикличев ва Икуко Уочи Gazeta`даги мақоласида Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш борасидаги ютуқлари ва бу борадаги муаммолар ҳақида ёзганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.