«Буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда», — деди у. Шунингдек, бош котиб Антониу Гутерришнинг ташкилотни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди.
Шавкат Мирзиёев «БМТ — 80» ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, келажак учун пактга қатъий содиқликни тасдиқлади.
«Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш (ҳозирда беш давлат: Хитой, Франция, Россия, Буюк Британия ва АҚШ унинг доимий аъзоси — таҳр.) тарафдоримиз», — деди президент. Айнан шу таклифни Қозоғистон президенти ҳам билдирди. «Хавфсизлик Кенгашида Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг йирик давлатлари ротация асосида иштирок этиши керак, деди», — Тоқаев.
Давлат раҳбари педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф этди.
Шунингдек, 24 сентябрь куни БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон ташаббуси билан болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги тадбир ўтказилишини маълум қилинди.
Президент гендер сиёсатига тўхталиб, шундай деди: «Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг ролини бундан буён ҳам мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз. Кенг минтақамиз миқёсида эса Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш тарафдоримиз».
«Яна бир бор таъкидламоқчиман: биз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида олган мажбуриятларимизга содиқмиз. 2030 йилга бориб „даромади ўртадан юқори“ бўлган мамлакатлар қаторига киришни ният қилганмиз. Шу мақсадда очиқ ва прагматик сиёсатимизни изчил давом эттирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди… Шуни қатъий ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди. Минтақамиз ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда», — деб таъкидлади у.
Президент ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда «яшил» технологиялар минтақавий ҳабини ташкил этиш, минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, «яшил» макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилиш ташаббуслари билан чиқди.
Шу билан бирга, Бош ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.
«Биз Афғонистонда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз. Ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича ташкилотимизнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз».
«Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирамиз. Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, „икки халқ учун — икки давлат“ тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз».
«Украина атрофидаги вазият ҳам барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаймиз», — дея қайд этди президент.
Бу тузилма муаммоли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрмиз, деди у.
Шавкат Мирзиёев иқлим ўзгариши муаммоси тобора ўткир тус олаётганини қайд этди.
Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозим… Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди. 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилинади, деди у.
Биз мамлакатимизда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказишни режалаштирганмиз. Мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш мўлжалланмоқда. Бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида «йўл харитаси»ни қабул қилиш ниятидамиз, деди у.
Экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши — иқлим миграциясининг кучайиб бораётганидир. Афсуски, ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаган. Биз бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш тарафдоримиз, деб таъкидлади президент.
Бундан ташқари, «Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати»ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифи илгари сурилди. Яқин ойларда кенг минтақа учун ноёб бўлган Ислом цивилизацияси марказини очиши ҳам айтилди.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотини БМТда ўтказиш нияти борлиги кўрсатиб ўтилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.