Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар

БМТ Бош ассамблеясининг юбилей 80-сессияси кўплаб инқирозлар, жумладан, можаролар билан қамраб олинган дунёда, ташкилотнинг роли ҳақидаги мунозаралар фонида бўлиб ўтди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Нью Йоркда бўлиб ўтган жаҳон етакчиларининг йиллик учрашувини хаос ўрнига ҳамкорликни танлашга чақириш билан бошлади. У ўз нутқида замонавий давр учун долзарб бўлган йўналишларни санаб ўтди: халқаро ҳуқуққа асосланган дунёни қуриш зарурати, инсон ҳуқуқлари ва иқлимга оид адолатли сиёсат учун курашни давом эттириш.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари БМТ бош котиби билан қисман ҳамоҳанг тарзда нутқ сўзлаб, кўп томонламалик ва БМТнинг фаол ролини ҳимоя қилиш позициясини эгаллади. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўзига хос минтақавий манфаатларни таъкидлаб ўтди — улар кутилганидек умумий бўлиб чиқди: хавфсизлик, транспорт алоқалари, сув ресурслари ва Афғонистондаги вазият.

БМТ ислоҳоти ва дунё тартиби


Марказий Осиёнинг деярли барча етакчилари БМТнинг ҳозирги тизими ва институтлари янги таҳдидларга мослашишга муҳтожлигини таъкидлади: улар ҳозирда 80 йил аввал яратилган кўринишда қолмоқда.

Ўзбекистон «замонавий таҳдид ва хатарларга қарши янада самарали курашиш ҳамда ривожланаётган давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш» учун «БМТ Хавфсизлик кенгаши таркибини трансформациялаш ва кенгайтириш» зарурлигини маълум қилди. Шавкат Мирзиёев мамлакат «БМТ — 80» ташаббуслари ва келажак учун пактга содиқлигини билдирди.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев кўп томонлама институтларга бўлган «ишонч инқирози»га эътибор қаратиб, БМТ ва Хавфсизлик кенгашини ҳар томонлама ислоҳ қилишга, хусусан, БМТ ХКда Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг йирик давлатларини ротация асосида вакиллик қилишга чақирди.

Шунингдек, у «БМТ Хавфсизлик кенгашида масъул ўрта давлатларнинг овозлари ҳам жиддий кучайтирилиши» кераклигини таъкидлади. «Аслида, ўрта кучлар аллақачон халқаро муносабатларда мувозанатни таъминлаш ва ишончни мустаҳкамлашда кўпроқ ижобий роль ўйнай бошлади. Улар БМТ ичида кўприк бўлиши мумкин, буюк давлатлар эса тарқоқ ёки долзарб муаммоларни ҳал қилишга қодир эмас», — дейди Тоқаев.

Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров БМТнинг тинчликни сақлашдаги ролини қўллаб-қувватлади, бироқ ўзининг нутқида ташкилот ўзгаришларга муҳтожлигини айтди. Унинг таъкидлашича, БМТ Хавфсизлик кенгашига кўпчилик давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олиш имконини берадиган яхшиланишлар керак.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
«Ҳар бир давлат кенгашга аъзо бўлиш, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ишига ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлиши керак», — деди у ва Қирғизистон 2027−2028 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашининг муваққат аъзолигига ўз номзодини қўйганини қўшимча қилди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон БМТ мамлакатлари БМТ мулоқот, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш платформаси ролини сақлаб қолиши, шунингдек, халқаро ҳуқуққа тўлиқ риоя қилишга қайтиши учун биргаликда ҳаракат қилиши лозим, деган фикрни билдирди.

Бундан ташқари, Эмомали Раҳмон Тожикистоннинг 2030 йилгача ривожланиш стратегияси БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га мос келишини, бироқ ривожланаётган мамлакатлар, айниқса, денгизга чиқишдан маҳрум бўлган ва тоғли мамлакатлар жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келаётганини таъкидлади. Халқаро молия механизмларини ислоҳ қилиш ва жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш зарурлиги айтилди.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов БМТ ислоҳотлари ҳақида тўғридан-тўғри гапирмади. Бунинг ўрнига, у БМТ универсал легитимликка эга бўлган ягона халқаро ташкилот эканини таъкидлади.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
«У шу сифатда тинчлик ва тараққиёт кафолати, глобал архитектуранинг хавфсизлик ва барқарорлик таянчи бўлиб қолиши керак», — деди давлат раҳбари ва Туркманистон БМТнинг халқаро ишлардаги марказий ролини кучайтириш тарафдори эканини қўшимча қилди.

Терроризмга қарши кураш


Ўзбекистон ўзини БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офиси учун майдон сифатида таклиф қилди. Бундан ташқари, илгари ташкил этилган Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича минтақавий кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш таклиф қилинди — у можаролар ҳудудларидан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш платформасига айланиши кутилмоқда.

Тожикистон раҳбари глобал хавфсизликка терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ савдоси, кибержиноятчилик ҳамон жиддий таҳдид солаётганини таъкидлади. У Тожикистон терроризмга қарши глобал стратегияларни амалга ошириш учун БМТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
Қозоғистон терроризм муаммосини алоҳида ажратиб кўрсатмади, кўпроқ эътиборни глобал хавфсизлик архитектурасига қаратди. Мамлакат ядровий давлатлар ўртасидаги мулоқотни тиклаш ва ядро қуролидан фойдаланиш хавфини камайтириш тарафдори бўлди.

«Кенгроқ маънода, биз жанговар менталитетни бартараф этиш бўйича мураккаб ишларни бошлашимиз керак. Буни мамлакатларимиз дунёга қанча сармоя киритаётганини диққат билан кузатиб бориш орқали амалга оширишимиз мумкин», — дея таъкидлади Қосим-Жомарт Тоқаев.

Қирғизистон ва Туркманистон терроризм ва трансмиллий жиноятчилик бўйича алоҳида баёнот бермади, бироқ Садир Жапаров, қозоғистонлик ҳамкасби сингари, бутун дунё бўйлаб қуролланиш харажатларини одамлар ҳаётини яхшилашга йўналтиришга чақирди.

Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик


Ўзбекистон президенти халқаро муносабатларда мустақил ўйинчига айланаётган «Янги Марказий Осиё» шаклланаётганини таъкидлади. Уни янада ривожлантириш мақсадида ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётини ривожлантириш масалалари бўйича халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан биргаликда саноатда «яшил» технологиялар бўйича минтақавий ҳаб ташкил этиш ҳамда минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, «яшил» маконни шакллантириш ва демографик барқарорликни таъминлаш бўйича дастурлар қабул қилишни таклиф этди.

Қозоғистон раҳбари «Марказий Осиё бешлиги» бугунги кунда ҳамкорликни мустаҳкамлаб, «минтақавий бирдамлик тараққиёт ва хавфсизлик учун қудратли куч бўлиши мумкинлигини исботлаётгани»ни таъкидлади. «Бу минтақамизга асосий глобал ҳамкорлар билан «Марказий Осиё плюс» ноёб форматида мулоқот қилиш имконини берди», — деди у.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
Қирғизистон президенти мамлакат қўшнилари — Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегара масалаларини «мураккаб тарихий ва географик шарт-шароитларга қарамай» ҳал қилганини эслатди. «Ушбу жараён юқори даражадаги, экспертлар даражасидаги узоқ давом этган музокаралар билан бирга олиб борилди ва барча томонларнинг манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ҳал этилди», — деди у.

«Бугунги кунда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар дўстлик, савдо ва ҳамкорлик чегараларидир. Бу тажриба шуни тасдиқлайдики, сиёсий ирода, ҳурмат ва мулоқот мавжуд бўлган жойда тинчлик бўлиши мумкин, бу бизга мавжуд барча қарама-қаршиликларни ҳал қилиш, бунёдкорлик ва ривожланиш йўлига ўтиш имконини берди», — деди Садир Жапаров Қирғизистон тажрибасини жаҳон ҳамжамиятига тақдим этишни таклиф қилиб.

Туркманистон мамлакатни минтақавий тинчлик ва иқтисодий ҳамкорлик тарафдори сифатида кўрсатди. «Асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк вазифасини бажариб келган Марказий Осиё бугунги кунда ўзининг тарихий миссиясини қайта тиклашга, мулоқот ва ҳамкорлик майдонига айланишга чақирилмоқда», — деди Сердар Бердимуҳамедов.

Жаҳондаги можаролар ва инқирозлар бўйича позициялар


Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олмасдан туриб, барқарор тараққиёт ва хавфсизликни муҳокама қилиб бўлмаслигини таъкидлади. У жаҳон ҳамжамиятини ушбу мамлакатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймасликка ва афғон халқининг тинч ҳаёти учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.

Ўзбекистон президенти у ерда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилаётганини маълум қилди ҳамда Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика йўлакларини ривожлантириш бўйича БМТ резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
Шунингдек, у Ғазодаги гуманитар инқироз кучайиб бораётганини қайд этиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди ва «икки халқ учун икки давлат» ечимини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. «Украина атрофидаги вазият ҳам барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаймиз», — деди у.

Шунингдек, Қозоғистон Афғонистоннинг инклюзив ривожланишини минтақада узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик гарови деб билмоқда ҳамда мамлакат халқига гуманитар ёрдам ва савдо, озиқ-овқат хавфсизлиги ва транспорт алоқалари соҳасидаги ҳамкорлик орқали кўмаклашишда давом этмоқда.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
Қосим-Жомарт Тоқаев Украинадаги уруш тинч аҳоли ва халқаро хавфсизлик учун ҳалокатли оқибатларга олиб келганини таъкидлади. У дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиришга, сиёсий мослашувчанлик ва томонларнинг ўзаро масъулиятини кўрсатишга чақирди, ҳудудий низолар келажак авлодлар учун вазминликни талаб қилишини, душманлик психологияси эса тинчликка эришиш имкониятларини йўққа чиқаришини таъкидлади.

Қозоғистон президенти Ғазодаги вазият ҳақида гапираркан, гуманитар инқирознинг ҳалокатли кўламини қайд этди ва тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирди. У икки халқ учун икки давлат тўғрисидаги ечимни қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ва Яқин Шарқни тартибга солиш бўйича халқаро ташаббусларни ижобий баҳолади.

Қирғизистон раҳбари халқаро ҳамжамиятнинг геосиёсий манфаатларга қараб урушларни «кўпроқ ёки камроқ аҳамиятли» деб ажратадиган икки томонлама стандартларини кескин қоралади. Садир Жапаров Украина ҳақида гапирар экан, Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг тинч йўл билан ечим топиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини, унинг мамлакати можаро оқибатларини бир томонлама санкциялар таъсирида ҳис қилаётганини таъкидлади.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
Афғонистонга келсак, Жапаров Ғарб давлатлари томонидан музлатиб қўйилган 9 млрд доллардан ортиқ активлар халққа қайтарилиши кераклигини айтди. Унинг таъкидлашича, бу маблағ инфратузилмани тиклаш, қишлоқ хўжалиги ва қашшоқлик ҳамда очликдан азият чекаётган миллионлаб одамларни қўллаб-қувватлашга сарфланиши мумкин. У Ғарб давлатларини активларни зудлик билан блокдан чиқаришга чақириб, «фақат шундагина уларнинг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги сўзлари ҳақиқатга тўғри келишини» таъкидлади.

Садир Жапаров 2023 йил октябрь ойида Исроилга уюштирилган террорчилик ҳужумини қоралади, бироқ терроризмга қарши кураш тинч аҳоли орасида оммавий қурбонларсиз, қонуний усуллар билан олиб борилиши кераклигини таъкидлади. У Ғазодаги воқеаларни фаластинликларга қарши геноцид деб атаб, «икки халқ учун икки давлат» тамойилини амалга ошириш зарурлигини таъкидлади, шунингдек, Исроилнинг Қатар ва Эронга ракета ҳужумларини қоралади.

Тожикистон Фаластин масаласи бўйича принципиал позициясини таъкидлади — Яқин Шарқда мустаҳкам тинчлик фақат БМТ резолюциялари ва «икки давлат» формуласини амалга ошириш асосида мумкин. Эмомали Раҳмон Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга ва инсонпарварлик ёрдамидан фойдаланиш имкониятини таъминлашга чақирди.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
Шунингдек, мамлакат қўшни Афғонистонда тинчлик ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш тарафдори. «Биз бу жараёнга кўмаклашишга тайёрмиз ва шу муносабат билан халқаро ҳамжамиятни, айниқса, қурғоқчилик ва кучли зилзилалардан зарар кўрган минтақаларга гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирамиз», — деди президент.

Туркманистон айрим можароларга изоҳ бермади, бироқ тинчлик ва ишонч маданияти бўйича Бутунжаҳон саммитини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Саммитнинг асосий вазифаларидан бири сифатида давлат раҳбари «мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш тамойиллари асосида қуриш учун асос бўлиб хизмат қиладиган» глобал халқаро ишонч кодексини ишлаб чиқишни таъкидлади.

Иқлим, сув ва экология


Ўзбекистон президенти Оролқум чўлининг 2 миллион гектар майдонида шўрга чидамли ўсимликлар экилгани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, 2030 йилга бориб Орол денгизининг қуриган тубининг 80 фоизгача бўлган майдонини яшил майдонлар билан қоплаш режалаштирилган.

Президент чучук сув танқислигига алоҳида тўхталди. Ўзбекистон сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форумини ўтказиш ва ушбу соҳага инновацион технологияларни жорий этиш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш ниятида. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, иқлим миграцияси кучайиб бораётганидан хавотир билдириб, бу муаммони ҳал қилиш учун Халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат тўғрисидаги глобал пактни қабул қилишни таклиф этди.

Қозоғистон раҳбари Марказий Осиё дунёнинг қолган қисмига қараганда икки баравар тезроқ исишини эслатди. У Олатов музликларининг эриши тезлашгани ва бу билан боғлиқ муаммолар миллионлаб одамларнинг сув ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солаётганини таъкидлади. У Каспий денгизининг шиддат билан қуриб бораётганига эътибор қаратиб, буни глобал огоҳлантириш деб атади ва унинг ресурсларини сақлаб қолиш бўйича биргаликда чоралар кўришга чақирди.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
Садир Жапаров Қирғизистон тоғли мамлакат сифатида иқлим ўзгаришига айниқса заиф эканини ва аллақачон сув ресурсларининг қисқариши ҳамда қишлоқ хўжалиги ва биологик хилма-хиллик учун хавфларга дуч келганини таъкидлади. У «тоғлардан океангача» бўлган табиий тизимларнинг ўзаро боғлиқлигини таъкидлади. Қирғизистон Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги битим (BBNJ)ни биринчилардан бўлиб ратификация қилди ва 2027 йилда Bishkek+25 Иккинчи саммитини тоғли ҳудудларнинг барқарор ривожланишини муҳокама қилиш учун асосий платформа сифатида тайёрламоқда.

Эмомали Раҳмон музликлар жадал эриётганини маълум қилди: Тожикистондаги 14 минг музликдан 1300 дан ортиғи аллақачон йўқ бўлиб кетган. Ушбу музликлар ва бошқа сув ресурслари бутун Марказий Осиё сувининг 60 фоизини таъминлайди, шунинг учун чучук сув манбаларини сақлаш глобал аҳамиятга эга. Президент БМТга аъзо давлатларни келгуси йили Тожикистонда ўтказиладиган навбатдаги «Душанбе сув процесси» конференциясида иштирок этишга таклиф этди.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
Туркманистон минтақа мамлакатлари салоҳиятини бирлаштириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари учун Чўлланишга қарши кураш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Шунингдек, мамлакат Каспий денгизи экотизимини сақлаб қолиш учун халқаро платформа — Каспий экологик ташаббусини илгари сурмоқда.

Транспорт боғлиқлиги


Ўзбекистон нотинч дунёда глобал транспорт тизимининг заифлиги денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларга ўта салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Халқаро транзит йўлаклари хавфсизлигини таъминлаш, самарали логистика таъминотини йўлга қўйиш жуда муҳим, — деди Шавкат Мирзиёев. У «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш» механизмини жорий этишни таклиф қилди.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
Қозоғистон ўзини Осиё ва Европа ўртасидаги барча қуруқлик транзитининг 80 фоизига хизмат кўрсатадиган транзит маркази сифатида эълон қилди. Мамлакат транспорт ва транзит инфратузилмасига, жумладан, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси, «Шимол-Жануб» транспорт йўлаги ва Транскаспий транзит йўлагига ўнлаб миллиард доллар сармоя киритмоқда. Қозоғистон минтақавий таъминот занжирларини ривожлантиришни давом эттирмоқчи.

Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари ўз чиқишларида транспорт соҳасига тўхталмади.

Сунъий интеллект


Ўзбекистон президенти соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллект ечимлари ва моделлари билан беғараз алмашиш мақсадида Халқаро ҳамкорлик механизмини яратишни таклиф қилди.

Қозоғистон БМТ шафелигида Сунъий интеллектни бошқариш бўйича Глобал мулоқот ташкил этилишини қўллаб-қувватлади ва технологиялар хавфсизлиги ва инклюзивлигини таъминлаш учун унда фаол иштирок этиш режасини эълон қилди. Мамлакат ичида, Қосим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, сунъий интеллектни иқтисодиёт ва давлат хизматларининг барча соҳаларига интеграция қилиш учун инфратузилма аллақачон шаклланмоқда. Стратегик мақсад, деди у, уч йил ичида Қозоғистонни рақамли давлатга айлантиришдир. Шу билан бирга, рақамлаштириш бандликка таҳдид солмаслиги учун профессионал таълимга алоҳида эътибор қаратилади.

Марказий Осиё БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида: минтақавий манфаатлар ва глобал муаммолар
Тожикистон сунъий интеллектни жадал жорий этиш БРМга эришишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди ва Марказий Осиё тараққиётида сунъий интеллектнинг роли тўғрисидаги таклифи бўйича Бош ассамблея резолюциясининг қабул қилинишини олқишлайди. Душанбе шаҳрида Минтақавий сунъий интеллект марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда. У минтақа мамлакатларининг қўшма лойиҳалари ва ташаббуслари учун платформага айланиши, технологиялардан хавфсиз ва адолатли фойдаланишни таъминлаши кутилмоқда.

Қирғизистон ва Туркманистон президентлари ўз нутқларида сунъий интеллект соҳасига эътибор қаратмади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.