Ушбу ҳужжат кейинги йилларда геосиёсий инқирозлар ва улар келтириб чиқарган иқтисодий ва транспорт қийинчиликлари фонида тобора жонланиб бораётган икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янгилайди.
Ҳозирги ўзаро муносабатлар даражасига олиб борадиган йўл 30 йилдан ортиқ давом этди ва уни оддий деб бўлмайди. 1991 йилда Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилганидан сўнг ташқи сиёсий алоқаларни йўлга қўя бошлади. Европа Иттифоқининг замонавий шаклда ташкил этилишигача ҳали бир қанча йил бор эди, бироқ 1992 йилда Ўзбекистон ЕИнинг ўтмишдоши бўлган Европа иқтисодий ҳамжамияти билан ўзаро англашув меморандумини имзолади.
Орадан бир йил ўтиб Нидерландиянинг Маастрихт шаҳрида Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартнома имзоланди ва 1994 йилда Ўзбекистон янги ташкил этилган ташкилот билан расмий дипломатик муносабатлар ўрнатди.
1996 йилда Флоренцияда томонлар Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (ШҲБ) имзолади. У 1999 йил 1 июлда кучга кирди. Ушбу ҳужжат сиёсий мулоқот, иқтисодий ва савдо ҳамкорлигига асос солди ва шу кунгача мамлакат ва ташкилот ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асос бўлиб қолмоқда.
Алоқалар минтақавий даражада ҳам ривожланди. 2007 йилда ЕИ Марказий Осиё бўйича биринчи стратегиясини қабул қилди. Ўша йили инсон ҳуқуқлари, адолат ва ички ишлар бўйича ҳар йили Брюссель ва Тошкентда навбатма-навбат ўтказиладиган мулоқотлар жорий этилди.
Бироқ 2000 йилларнинг ўрталарида муносабатлар кескин совуқлашди. 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг ЕИ халқаро текширув ўтказишни талаб қилди. Ўзбекистон буни рад этди, бунга жавобан Брюссель санкциялар киритди — мамлакатга ички репрессия учун ишлатилиши мумкин бўлган қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказиб беришга эмбарго, шунингдек, ЕИ Андижонда номутаносиб куч қўллангани учун масъул деб билган шахсларга нисбатан виза чекловлари.
2009 йилга келибгина чекловларнинг аксарияти олиб ташланди. Бу қарор, ўшанда Европа ОАВлари ёзганидек, Ўзбекистоннинг айрим сиёсий маҳбусларни озод қилгани ва ўлим жазосини бекор қилгани натижаси бўлган.
Шу тариқа томонлар ҳамкорликдан манфаатдорликни сақлаб қолди, лекин инсон ҳуқуқлари ва сиёсий шаффофлик баҳсли масалалигича қолди. Масалан, 2011 йилда Европа парламенти аъзолари Халқаро меҳнат ташкилотига (ХМТ) мамлакатдаги мажбурий болалар меҳнати ҳақидаги хабарларни ўрганиш учун рухсат берилмагунча, Ўзбекистон учун тўқимачилик божлари туширилишига қарши овоз берди.
2010 йилларнинг ўрталаридан бошлаб муносабатлар аста-секин яхшиланди. Европа Иттифоқи техник ёрдамни кенгайтирди, мамлакат ва минтақа ўртасидаги савдо ҳажми ошди.
2011 йилнинг май ойида Тошкентда ЕИ делегацияси очилди. Бу ҳақдаги қарор 2011 йил январида президент Ислом Каримовнинг Брюсселга ташрифи чоғида қабул қилинди. Делегациянинг биринчи раҳбари Норбер Жустен бўлди, унинг миссияси бир йил давом этди — 2012 йил бошидан охиригача. Кейин унинг ўрнини 2016 йилгача Ўзбекистонда қолган Юрий Штерк эгаллади. 2016−2021 йилларда Эдуардс Стипрайс Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлади, 2021−2024 йилларда — Шарлотта Адриан. Ўтган йилдан бошлаб Европа Иттифоқининг Тошкентдаги вакили — Тойво Клаар.
Ўзбекистон ҳукумати 2016 йилда ҳокимият алмашганидан сўнг эълон қилган ислоҳотлар дастури ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликдан манфаатдорлиги Брюсселда ижобий қабул қилинди. Бу мулоқотнинг сезиларли жонланишига ёрдам берди.
2016 йил декабрь ойида Европа парламенти томонидан Ўзбекистон билан тўқимачилик савдоси тўғрисидаги битимнинг маъқулланиши ҳамкорликнинг янада ривожланишига туртки бўлди. Бу Ўзбекистоннинг пахта теримида болалар меҳнатига, кейинчалик мажбурий меҳнатга барҳам беришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг эътирофи бўлди.
Марказий Осиё давлатлари ўртасида минтақавий мулоқотнинг қайта бошланиши фонида ЕИ минтақанинг ўзига янгича ёндашув излай бошлади. Бунинг натижасида 2019 йилда янгиланган МО стратегияси қабул қилинди. Ҳужжат қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, иқтисодий модернизация ва хусусий инвестицияларни қўллаб-қувватлаш, барқарор савдо, транспорт ва рақамли алоқани ривожлантириш, минтақавий ҳамкорлик ва хавфсизликдан тортиб экологиягача бўлган умумий муаммоларга жамоавий жавоб беришга кўмаклашишга қаратилган.
2021 йил икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим босқич бўлди. Ўзбекистон Европа GSP+ тизими — мамлакатга минтақага 6000 дан ортиқ турдаги товарларни божсиз экспорт қилиш имконини берувчи имтиёзли режимни қўлга киритди.
Қўшни Афғонистондаги вазият Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларга ҳам таъсир қилди. ЕИ ҳукуматлари ва расмийлари Тошкентнинг ЕИ фуқаролари ва аввалги маъмурият билан ҳамкорликда ишлаган афғонларнинг эвакуация қилиниши ва транзитини осонлаштириш бўйича амалга оширган қадамларини олқишлади.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистон бўйича 2021−2027 йилларга мўлжалланган кўп йиллик индикатив дастури 2021−2024 йиллар учун 76 миллион евро ва 2025−2027 йилларда янги икки томонлама ташаббуслар учун қўшимча 43 миллион евро (жами 119 миллион евро) ажратди. Бу маблағлар демократик бошқарувни мустаҳкамлаш, рақамли трансформация, инклюзив иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларига сарфланмоқда.
2022 йил июль ойида Ўзбекистон ва ЕИ янги улкан ҳужжат — ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) бўйича музокараларни якунлади. Битим савдо, сармоя, рақамли иқтисодиёт, транспорт ва экология соҳаларида кенгроқ ҳамкорлик учун асос яратиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ЕИ билан КШҲБ имзолаган Марказий Осиёнинг учинчи давлатига айланади. Қозоғистон 2020 йилда биринчи бўлиб буни амалга оширган бўлса, 2024 йилда ЕИ Қирғизистон билан шартнома имзолаган. Тожикистон жорий йилнинг июль ойида ЕИ билан КШҲБ бўйича музокараларни якунлади ва уни 2026 йилдан кечиктирмай имзолаш истагини билдирди.
2025 йилда Самарқандда биринчи «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммити бўлиб ўтди. Марказий Осиё давлатлари номидан ўз президентлари, Европа Иттифоқидан эса Еврокомиссия ва Европа кенгаши президентлари Урсула фон дер Ляйен ва Антониу Кошта иштирок этди. Саммитда ЕИ Марказий Осиё учун тўртта йўналиш — транспорт йўлаклари, муҳим ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, яшил энергетика, шунингдек, рақамлаштириш ва сунъий йўлдош интернетини ривожлантириш учун 12 млрд евролик сармоя пакетини эълон қилди.
Бугунги кунда ЕИ тўғридан-тўғри ва ўз молиявий институтлари орқали Марказий Осиёдаги бир қанча йирик минтақавий лойиҳаларни инвестициялар билан қўллаб-қувватламоқда. Транскаспий савдо ва транспорт йўлаги, Қирғизистондаги Қамбарота 1 ГЭСи ва Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилиши, минтақанинг бориш қийин бўлган ҳудудлари учун сунъий йўлдош интернети шулар жумласидан.
Бундан ташқари, 2024 йилда ЕИ Ўзбекистон билан муҳим хомашё соҳасида барқарор қиймат занжирларини ривожлантириш бўйича меморандум имзолади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.