«Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ушбу стратегик қадам умумий тарих, қардошлик ришталари, маънавий ва маданий яқинлик билан узвий боғланган халқларимиз манфаатларига тўлиқ жавоб беради», — деб ёзди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
«Шавкат Мирзиёев ушбу қадам ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беришини, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида ҳамкорликнинг ягона маконини шакллантиришини таъкидлади», — дея қўшимча қилди Асадов.
Энди формат «Марказий Осиё ва Озарбайжон» дея номланади, кейинги учрашувда раисликни Туркманистон қабул қилиб олди.
Учрашувдан аввал Озарбайжон президенти бу унинг ушбу тадбирда фахрий меҳмон сифатида учинчи бор иштирок этиши эканини маълум қилганди.
«Барча ҳамкасбларим, айниқса, Ўзбекистон президенти, биродарим Шавкат Мирзиёевга таклиф ҳамда Озарбайжоннинг ушбу муҳим тадбирда иштирокини қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдираман», — деганди Алиев.
«Давлатимиз раҳбари 2017 йил сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашга қаратилган конструктив ғоя ва ташаббусларни илгари сурди. Бу ташаббуслар ноябрда Самарқандда ўтган „Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик“ мавзусидаги халқаро конференцияда яхлит дастур тарзида тақдим этилди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви шу тарзда ташкил топди», — деганди ўшанда президент матбуот хизмати.
Иккинчи учрашувга 2019 йил ноябрь ойида Тошкент мезбонлик қилган.
Кейинги учрашувлар турли йилларда Туркманистон (2021 йил август), Қирғизистон (2022 йил июль), Тожикистон (2023 йил сентябрь), Қозоғистон (2024 йил август)да ташкил қилинган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.