«Бирламчи омил — платформа эмас, балки ҳозир ҳамкорлик рақобатдан кўра фойдали экани». Сиёсатшунослар — Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашуви якунлари ҳақида

«Бирламчи омил — платформа эмас, балки ҳозир ҳамкорлик рақобатдан кўра фойдали экани». Сиёсатшунослар — Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашуви якунлари ҳақида

Gazeta Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидаги асосий воқеалар ва натижаларни сиёсатшунослар билан муҳокама қилди. Экспертлар минтақавий ҳамкорликнинг истиқболлари ва муаммолари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Озарбайжоннинг қўшилиши ҳақида


Кўпчилик экспертларнинг фикрича, Озарбайжоннинг қўшилиши Марказий Осиё ҳамкорлиги концепциясига зид эмас.

Ўзбекистоннинг Ташқи сиёсий тадқиқотлар маркази бўлими бошлиғи Шуҳрат Иргашев таъкидлашича, Марказий Осиё ҳамкорлигининг расман шаклланган концепцияси мавжуд эмас. Ҳозир жуда мослашувчан формат фаолият кўрсатмоқда, унинг асосий мақсади умумий вазифаларни ҳал этиш учун дўстона ва қўшничилик мулоқотини таъминлашдир.

Берлиндаги Карнеги маркази эксперти Темур Умаров ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлаб, ҳозирги минтақавий ҳамкорлик форматлари ҳали етарлича шаклланмагани, шундай экан, қандайдир янгиликлар уларнинг мавжудлигига тўсқинлик қила олмаслигини таъкидлади.

Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизлиги масалалари бўйича эксперт Рустам Бурнашев (Қозоғистон) ҳам «марказий осиёвийлик»нинг шаклланган концепцияси йўқлигини қайд этди. Унинг айтишича, минтақа мамлакатларида «Марказий Осиё» таърифига нисбатан турлича ёндашув мавжуд, беш томонлама формат эса фақат «советчилик» (ёки постсоветчилик) меросининг инъикосидир. Шу боис «бу маконда, масалан, олтита ёки учта эмас, айнан бешта давлат бўлиши керак, деб ҳисоблаш учун бошқа ҳеч қандай асос йўқ».

Қирғизистонлик сиёсатшунос Эмил Жураев Озарбайжоннинг географик ҳолати уни Марказий Осиёдан муайян даражада ажратиб туради, деб эътироф этади. Бироқ мамлакат маданий жиҳатдан ва сиёсий тизим хусусиятлари бўйича минтақа республикаларига яқинлигини айтади.

Қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Аскар Нурша минтақавий жараёнларни фақат умумий чегара мавжудлиги нуқтаи назаридан баҳолаш тўғри эмас, деб ҳисоблайди. «Масалан, Қозоғистоннинг Озарбайжон билан Каспий орқали умумий чегараси бор, аммо Тожикистон билан чегараси йўқ», дейди у. Унинг фикрича, Бокунинг маслаҳат учрашувларига қўшилиши вазиятга боғлиқ қарор эмас, балки сўнгги йилларда кузатилаётган барқарор тенденциядир. Бу, айниқса, Остона-Боку ва Тошкент-Боку йўналишларидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиб бориши билан боғлиқ.

«Бирламчи омил — платформа эмас, балки ҳозир ҳамкорлик рақобатдан кўра фойдали экани». Сиёсатшунослар — Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашуви якунлари ҳақида
Мутахассисларнинг якдил фикрига кўра, Марказий Осиё учун Озарбайжон транскаспий савдони ривожлантириш, Ўрта коридор лойиҳаси орқали минтақанинг транспорт салоҳиятини ошириш ҳамда энергия ресурсларини сотиб олиш нуқтаи назаридан қизиқарли ҳамкор саналади. Шу боис, Аскар Нуршанинг таъкидлашича, минтақа мамлакатлари МО+Жанубий Кавказ формати ривожига интилиши керак.

Ўзбекистоннинг «Марказий Осиё ҳамжамияти» платформасини яратиш ташаббуси ҳақида


Эмил Жураевнинг фикрича, бундай ташаббуснинг аллақачон вақти келган эди, чунки минтақавий жараёнлар институционаллашувни талаб қилади. Қозоғистонлик эксперт Аскар Нурша ҳам шу нуқтаи назарни қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, мамлакатлар маслаҳат учрашувлари доирасидан ўсиб чиқди, аммо ҳали иттифоқ даражасига тайёр эмас. Шунинг учун таклиф этилаётган формат янги босқичга ўтиш учун мақбул кўрилади. Иккала эксперт ҳам Европа интеграцияси тажрибасини мисол келтириб, у ҳам шундай механизмлардан бошланганини таъкидлади.

Рустам Бурнашевнинг фикрича, бу ташаббуснинг мантиғи фақат форматни қайта номлашда эмас, балки учрашувлар мазмунини ўзгартиришда. «Агар ҳозирги учрашувлар шунчаки консультатив ва ҳар доим ҳам мунтазам ўтмайдиган бўлса, Ўзбекистон президенти уларни котибият ташкил этиш ва миллий координаторлар мақомини ошириш орқали институционаллаштиришни таклиф қилмоқда», дейди у. Унинг таъкидлашича, бу Марказий Осиёдаги кўптомонлама ҳамкорлик даражасини оширишга хизмат қилиши мумкин.

«Бирламчи омил — платформа эмас, балки ҳозир ҳамкорлик рақобатдан кўра фойдали экани». Сиёсатшунослар — Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашуви якунлари ҳақида
Бу фикрга Темур Умаров қўшилмайди. Унинг таъкидлашича, формат қандай аталишидан қатъи назар, унинг моҳияти ўзгармайди. Умаровнинг фикрича, маслаҳат учрашувларининг ўзи бирламчи эмас, чунки улар минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишидан келиб чиқадиган натижалардан бири. Шу боис, минтақавий ҳамкорликка туртки платформанинг ўзида эмас, балки мамлакатлар раҳбарлари учун шаклланаётган янги реалликда — яъни ҳамкорлик рақобатга нисбатан фойдали бўлган шароитда.

Минтақавий ҳамкорликнинг декларатив табиати ҳақида


Рустам Бурнашев ва Аскар Нурша минтақада кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган тузилмаларни ишга тушириш бўйича аввал ҳам бир неча муваффақиятсиз уринишлар бўлганига эътибор қаратди. Бироқ минтақа мамлакатлари бу каби ҳамкорлик учун жиддий моддий база йўқлиги муаммосига дуч келган.

Шу муносабат билан Нурша асосий вазифа ихтиёрийлик асосида барқарор, ўзаро манфаатли кооперация алоқаларини яратишдан иборат бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Бурнашев эса кўп томонлама минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун умумий манфаатлар мавжуд бўлиши муҳимлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, ҳозирги беш томонлама форматда бундай умумий манфаат мавжуд эмас, ҳамкорлик эса ўзаро қизиқиш уйғотадиган айрим секторларда тор форматда самаралироқ ривожланмоқда. Бундай ҳамкорликка мисол сифатида у Фарғона водийсидаги чегара ҳудудларига оид масалаларнинг ҳал этилишини келтиради.

Эмил Жураевнинг фикрича, мамлакатлар минтақавий ҳамкорликка ички сиёсий омиллар, ўзаро муносабатлар хусусиятлари ва геосиёсий вазият — айниқса, ташқи йирик ўйинчилар таъсири сабаб эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда ҳар бир мамлакат қўшнилари ва минтақадан ташқаридaги акторлар билан икки томонлама муносабатларга кўпроқ эътибор қаратиб, минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга нисбатан камроқ аҳамият бермоқда.

«Бирламчи омил — платформа эмас, балки ҳозир ҳамкорлик рақобатдан кўра фойдали экани». Сиёсатшунослар — Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашуви якунлари ҳақида
Шуҳрат Иргашев эса нисбатан оптимистик нуқтаи назарни билдирди. Унинг фикрича, минтақа изчил равишда минтақавий ҳамкорликни янада институционаллаштириш, янги иқтисодий лойиҳаларни ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ижтимоий-маданий интеграцияни чуқурлаштириш томон бормоқда.

Темур Умаровнинг фикрига кўра эса, аслида минтақавий лойиҳаларни ишга тушириш мақсади аввалдан қўйилмаган. Декларативлик эса атайлаб сақлаб қолинмоқда, чунки бу манёвр учун кенг имконият қолдиради. Кейинчалик, агар ижобий тенденция кузатилса, уни муваффақият сифатида қайд этиб, ривожлантириш мумкин. Агар натижа бўлмаса, бунга катта эътибор қаратмаслик мумкин, чунки ҳеч нарса ваъда қилинмаган, дейди эксперт.

Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик трендлари


Экспертлар якдил фикрича, минтақавий жараёнларнинг асосий йўналишлари иқтисодий ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, савдо-транспорт коридорларини ишга тушириш, инвестициялар ҳажмини ошириш, рақамлаштириш, хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳамда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўлади.

Аскар Нурша бундан ташқари, яратилаётган ҳамкорлик механизмларини мувофиқлаштириш учун зарур бўлган барча ташкилий атрибутларни шакллантириш ҳисобига мулоқот формати институционал ривожланишига эътибор қаратади.

Эмил Жураевнинг фикрича, давлатлар муайян қадриятлар ва маданий ўзига хосликни шакллантириш соҳасида ҳамкорликни бошлаши мумкин.

Темур Умаров Марказий Осиё мамлакатлари кўп миллатли лойиҳаларни ривожлантиришга эътибор қаратса бўлади, деб ҳисоблайди. Масалан, нодир ер металлари занжирини яратиш мумкин: уларни Қирғизистон ёки Тожикистонда қазиб олиб, Ўзбекистонда қайта ишлаб, Қозоғистон орқали ташқи бозорга чиқариш мумкин.

Рустам Бурнашев эса «субминтақавий» ҳамкорлик — яъни Марказий Осиё мамлакатларининг айрим вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик ривожига эътибор қаратади. Масалан, Фарғона водийсида ёки Ўзбекистоннинг шимоли-шарқи билан Қозоғистон жануби туташган ҳудудларда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.