«Миллий тикланиш» етакчиси: «Ҳукумат табиатга буйруқ бера олмайди»

«Миллий тикланиш» етакчиси: «Ҳукумат табиатга буйруқ бера олмайди»

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳаводаги ифлослантирувчи зарралар кўпайишини ҳукумат билан боғлайдиган одамларни қўштирноқ ичида «экспертлар» деб атади.

У ўзининг Telegram каналида масъулларни «одамларни чалғитадиган тахминларнинг тарқалиб кетишига йўл қўймасликка» чақирди.

У Ўзгидрометнинг ҳаво ифлосланиши кучайишининг табиий-иқлимий омиллари ҳақидаги жума кунги баёноти кечикиб чиққанини таъкидлаб, «дунёдаги бирон ҳукумат табиатга буйруқ беролмагани ва бера олмаслигини» айтди.

Депутат ўзбек халқи доимо «Худодан қўрқиб, бандасига андиша билан, Ватанга мескун (жойлашиб, ўрнашиб — таҳр.) бўлиб яшагани, яшаётгани ва яшашини» эслатиб ўтди.

«Қудрат тафаккур, тартиб ва аҳиллигимизда. Унутманг, бизнинг безовталигимиз кимларнингдир хотиржам бўлиши учун жуда керак бўлиб турибди…» — деб ёзди у.

Журналист Баҳодир Абдуллаев партия раҳбарининг баёнотига муносабат билдириб, шундай ёзди: «Албатта, дунёда бирон ҳукумат табиатга буйруқ беролмаган, беролмайди ҳам. Лекин бугун юз бераётган жараёнлар дориси ўйлаб топилган касал билан оғришга ўхшайди».

«Давлатнинг муҳим вазифаларидан бири… бозорнинг ўзи ресурсларини самарали тақсимлай олмайдиган жараёнларга аралашиб, буни тўғрилаш ҳисобланади… танқидлар бу мавзуда қайсидир ҳаракат юзасидан эмас, ҳаракатсизлик юзасидан янграмоқда», — деди у.

Мана шу каби вазиятларда жамият қиймат йўқотишининг (умр қисқариши, молиявий зарар, фаровонлик даражаси камайиши ва ҳоказо) олдини олиш давлатнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Давлат ҳавони ким ва қанча миқдорда ифлослантираётганини, бу жамиятга қўшимча тиббий харажатлар, камроқ умр кўриш ва бошқалар орқали қанча зарар етказаётганини ҳисоблаши, кейин эса шунинг асосида ҳавони ифлослантирганлик учун солиқ солиши, ҳаво тозалик даражасини меъёрда ушлаб туриш учун мумкин бўлган ифлосланиш даражасини аниқлаши керак. Шунингдек, ифлослантирувчи моддалар эмиссияси шу нормадан ошмаслиги учун бу лимитлар олди-сотдиси бозорини яратиши, қатъий технологик стандартлар ўрнатиши ва уларнинг бажарилишини назорат қилиши лозим, деди журналист.

Sustainability.uz канали муаллифи, Германияда «Барқарор ривожланиш менежменти ва иқтисодиёт» йўналиши бўйича магистратура талабаси Жасмина Эгамбердиева АҚШдаги тадқиқотларга таяниб, ҳукумат томонидан ҳаво ифлосланишини камайтиришга сарфланган ҳар бир доллар соғлиқни сақлаш харажатларини камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва атроф-муҳитга зарар етказилишининг олдини олиш орқали ўртача 30 долларгача иқтисодий фойда келтириши мумкинлигини ёзди. «Албатта, бу натижа фақат маблағ тўғри йўналтирилганда юзага чиқади», — деди у.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.