ССВ электрон рецептлар бўйича мурожаатларни ўрганмоқда

ССВ электрон рецептлар бўйича мурожаатларни ўрганмоқда

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги жума куни «Электрон рецепт» тизимини жорий этиш бўйича доимий ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказмоқда, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг 15 та туманида дорихоналарда рецепт бўйича дори воситаларини фақат электрон рецептлар бўйича сотиш тизими йўлга қўйилгани сабабли кўплаб аҳоли одатий дори воситаларини харид қила олмаяпти. Бу масала ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

« Ишчи гуруҳ томонидан фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимларининг мурожаатлари, шунингдек, тизим ишга туширилган дастлабки кунларда унинг фаолияти, жумладан, поликлиникаларга бўладиган юкламалар, дори воситаларини бериш тартиби ва рақамли хизматлар ишининг барқарорлиги таҳлил қилиняпти», дейилади ССВ хабарида.

Вазирлик яқин вақт ичида фуқароларнинг энг муҳим саволларига дастлабки жавобларни эълон қилишга ваъда берди.

Фақат рецепт бўйича бериладиган препаратлар реестри 12 815 номдаги дори воситасини ва уларнинг дозаларини ўз ичига олади. Улар орасида тиббиёт этил спирти, ацикловир (таблетка ва кукун), парацетамол (таблетка эмас, сироп ва инфузия учун эритма), ибупрофен (суспензия ва таблетка), амброксол (сироп ва эритмалар), супрастин (инъекция учун эритма), аналгин, арбидол (суспензия учун кукун), ибуклин (таблетка), нимесил, аскорбин кислотаси (эритма) ва бошқа бир қатор воситалар мавжуд.

Тошкент шаҳридан ташқари янги тизим жорий этилган шаҳар ва туманлар: Янгийўл, Самарқанд, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Китоб, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Иштихон, Денов, Сирдарё, Қува ва Шовот (тафсилотлар).

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.