Иссиқхоналар учун кластерлар, чангни камайтириш, сувни тежаш. Президент ўз мурожаатида экология ҳақида нималар деди?

Иссиқхоналар учун кластерлар, чангни камайтириш, сувни тежаш. Президент ўз мурожаатида экология ҳақида нималар деди?

Экологик мувозанатни таъминлаш, «яшил» энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Ўзбекистон учун 2026 йилдаги устувор йўналишлардан бўлади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни мамлакат парламенти ва халқига йўллаган мурожаатида айтиб ўтди.

Иссиқхоналарга кластерларга аъзо бўлиш таклиф этилади


Давлат раҳбари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳам газ, ҳам кўмир билан иситиладиган 2 мингга яқин иссиқхона борлигини маълум қилди. Улар йилига 137 минг тонна зарарли моддаларни ҳавога чиқармоқда.

«Хабарингиз бор, энди фильтрсиз кўмирда ишлайдиган қозонхоналардан воз кечилади», — деди у.

Иссиқхоналар пойтахтдан узоқроққа кўчирилади, иссиқлик марказлашган қозонхоналар орқали таъминланади, деди давлат раҳбари.

«Биз уларга шароит яратиб берамиз. Шу мақсадда 200 гектардан кам бўлмаган агрокластерлар ташкил этилади, уларнинг таркибига ўтмоқчи бўлган иссиқхоналарга алоҳида субсидия берилади», — деди у.

«Ёпмаймиз. Мана сенга иситиш, мана сенга жой, мана сенга шароит — ҳавога зарарли чиқиндилар чиқишини истисно қиладиган фойдали тизим яратамиз», — деди президент.

Йирик корхоналарда фильтр, тозалаш иншоотлари ва атмосферага зарарли моддалар чиқишини мониторинг қилиш станцияларини ўрнатиш учун биринчи босқичда 100 миллион долларлик кредит линияси очилади.

Транспорт, жумладан, электро- ва жамоат транспорти


Шавкат Мирзиёев шаҳарлардаги тирбандликлар одамларга ноқулайлик туғдирибгина қолмай, экологияга ҳам зарар етказаётганини таъкидлади.

У 2026 йилдан бошлаб автомобиллар учун зарарли моддалар чиқиндилари даражасига қараб экологик стикерлар тизими жорий этилишини эслатди.

«Атроф-муҳитни ифлослантирувчи моддалар миқдори юқори бўлган автомобилларнинг пойтахт, вилоят марказлари ва шаҳарларга кириши чекланади. Бунинг вақти келди деб ўйлайман», — деди президент.

Бундай транспортларни янгисига алмаштириш ёки фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Хусусан, махсус жамғарма ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Эски автомобилини алмаштирмоқчи бўлганлар учун автокредит фоизларини қисман қоплаш режалаштирилмоқда.

Фильтр ўрнатишга тайёр ҳайдовчиларга харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилади.

Пойтахт ва шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш устувор вазифа бўлади. Шаҳар кўчаларида автобус ва таксилар учун ажратилган йўлаклар тармоғи кенгайтирилади.

Ўзингиз кўрдингиз, алоҳида йўлаклар ташкил қилиниб, барчага қулайлик яратилмоқда, — деди президент.

Тошкент, Самарқанд ва Наманганда транспорт ҳаракатини интеллектуал светофорлар орқали бошқариш тизими жорий этилади, деди у.

Шавкат Мирзиёевнинг қўшимча қилишича, яқинда Японияга ташрифи чоғида ушбу мамлакат мутахассислари билан шундай тизимларни жорий этиш бўйича келишувларга эришилган.

Мамлакатда электромобиллардан фойдаланишни рағбатлантириш давом эттирилади, деди у. Экологик тоза автомобиллар паркини кўпайтириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади.

Маҳаллий электромобиллар учун 12 фоиз, хорижий электромобиллар учун 16 фоиз ставкада автокредитлар ажратиш режа қилиняпти.

Бизнес қувватлаш станциялари тармоғини кенгайтириш учун 10 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар олади. Улар учун ер участкалари аукционда 2 баравар пасайтирилган нархда ажратилади.

Бундан ташқари, зарядлаш станцияларида электр энергиясининг бир киловатт соати учун 300 сўмдан ошган қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

Электромобилларда такси хизматини кўрсатувчи фуқароларга имтиёзлар бериш режалаштирилмоқда.

«Агар шу мақсадларни амалга оширсак, пойтахтимиз, вилоят марказлари ва йирик шаҳарларимиз фақат экологик транспорт ҳаракатланадиган ҳудудга айланишига замин яратган бўламиз. Бу оғир бўлади, лекин бизнинг ягона тўғри йўлимиз бу», — деди президент.

Чангни камайтириш


Чанг-қум бўронларининг олдини олиш учун Сурхондарё вилоятида «Яшил макон» дастури доирасида 10 минг гектар майдонда яшил майдонлар, Сирдарё вилоятида эса 84 км узунликдаги «яшил девор» барпо этилади.

Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида жами 250 минг гектар, жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида 115 минг гектар майдонда дарахт ва буталар экилади.

Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари, 20 тадан соя-салқин хиёбон ташкил этилади.

«Биз иқтисодиётга қандай эътибор берсак, экологияга ҳам шундай эътибор беришимиз зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси беш йилда корхоналарда экостандартларни жорий этиш учун камида 30 минг нафар экология менежери керак бўлади. 2026 йилдан бошлаб барча ҳудудларда «яшил» техникумлар очилиб, уларда дуал таълим асосида йилига 10 минг нафар мутахассис тайёрланади.

Янги йилда Green University фаолияти кенгайтирилади. Хусусан, ҳаво, сув ва тупроқ сифатини аниқлаш имконини берадиган яхлит лабораториялар ташкил этилади.

Бундан ташқари, шаҳарларда табиий шамоллатишни кучайтиришга қаратилган тадқиқотлар олиб борилади, деди президент.

Умуман олганда, экология соҳасига 2026 йилда давлат бюджетидан 1,9 триллион сўм ажратилади, дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Зарарли чиқиндиларни камайтириш қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш орқали ҳам амалга оширилади, унинг мамлакатдаги умумий электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши учдан бир қисмга етди, деди у.

Сувни тежаш ва ариқ тизимини тиклаш


«Сув танқислиги муаммоси бутун дунёда тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шунинг учун ислоҳотларимизнинг биринчи кунларидан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди», — деди президент.

2026 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш тадбирларига жами 3,3 триллион сўм йўналтирилади, деди у.

Келгуси йилда 1 минг 300 километр йирик магистраль каналларни бетонлаш режалаштирилган бўлиб, бу йилига қўшимча 500 миллион куб метргача сувни тежаш имконини беради.

Ҳудудлардаги очиқ дренаж ва коллектор тизимларини ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Каналларни ҳам ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича йирик лойиҳаларни бошлаш режа қилинган. Бунинг учун алоҳида жамғарма ташкил этилиб, биринчи босқичда 100 миллион доллар ажратилади.

Пойтахт ва бошқа шаҳарларда яшил ҳудудларни кенгайтириш мақсадида суғориш ва дренаж тизимларини тиклаш зарур, деди Шавкат Мирзиёев. У ҳокимлар ва маҳаллий депутатлар, маҳалла раисларидан бу масалага эътибор қаратишни сўради.

«Шаҳарлардаги барча кўчаларда ариқларда сув айланиши керак», — деди президент ва илгари ҳам шундай бўлганини эслатди. «Бунинг йўллари бор, буни қайта тиклашимиз зарур ва, албатта, сиз билан биргаликда буни тиклаймиз», — дея қўшимча қилди у.

Тажриба Тошкентдан бошланади. Бунинг учун 160 млн долларлик йирик дастур ишлаб чиқилади ва 150 км ёпиқ дренаж тизимлари қурилади, 197 км канал ва коллекторлар таъмирланади, шунингдек, 63 км янги каналлар ётқизилади, бу эса пойтахтда салқин микроиқлимни шакллантириш имконини беради.

«Бу экологияга, одамлар саломатлигига катта таъсир кўрсатадиган омил», — деди президент.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.