Адҳам Карабаев Янги Наманган тумани ҳокими бўлди

Адҳам Карабаев Янги Наманган тумани ҳокими бўлди

Адҳам Жакбаралиевич Карабаев Янги Наманган тумани ҳокими этиб тайинланди, дея хабар бермоқда Наманган вилояти ҳокимлиги.

Тайинлов 29 декабрь куни ўтган халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида эълон қилинди. Унда вилоят раҳбари Шавкат Абдураззоқов кейинги йилларда ушбу туманда ишга солинмаган имкониятлар ҳақида тўхталиб, долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Адҳам Карабаев тайинловга қадар «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Наманган филиали бош директори лавозимида фаолият юритган.

У янги лавозимда 2021 йилнинг апрелидан буён ишлаб келаётган Жобир Абдуллаев ўрнини эгаллади. 2022 йилнинг декабрида Абдуллаевнинг тармоқларда тадбиркорни сўккани акс этган аудио тарқалганди. Шундан сўнг вилоят ҳокими ўтказган одоб-ахлоқ қоидалари бўйича муҳокама йиғилишида ҳокимга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган ва барча турдаги рағбатлантиришлардан маҳрум қилинган.

Маълумот учун, Янги Наманган тумани Наманган шаҳри таркибида 2021 йилда ташкил этилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.