Президент Тошкент шаҳри прокурори ва ИИББ бошлиғига ҳайфсан берди

Президент Тошкент шаҳри прокурори ва ИИББ бошлиғига ҳайфсан берди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ва прокурори Анвар Ўрмоновга ҳайфсан берилди. Бу сешанба куни президент хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича бўйича ўтказган йиғилишда эълон қилинди.

Давлат раҳбарининг айтишича, Тошкент шаҳри ички ишлар тизимидаги терговчи ва суриштирувчилар фаолиятида сифат йўқ. Масалан, ходимларда малака етишмагани учун ўтган йили 833 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмай, ҳисобдан яширилган.

«Шаҳарда жиноятчилик 2 мингтага камайтирилди» деб ҳисобот берилгани билан пойтахтдаги 26 та маҳалла «қизил», 465 таси «сариқ» тоифада қолган.

Республикадаги 208 та туман ичида Чилонзор оилавий зўравонлик, талончилик, безорилик бўйича, Юнусобод босқинчилик бўйича биринчи ўринда. Ёки ўтган йили Яшнобод ва Мирободда қотиллик, Олмазорда тан жароҳати, Шайхонтоҳурда талончилик ҳолатлари энг кўп бўлган.

Шу боис, яқинда ушбу туманлар ички ишлар бошлиқларининг барчаси янги қўйилди. Улар ташаббус қилиб, ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш бўйича кескин ўзгариш қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

«Жиноятларни фош қилиш ва олдини олиш ўрнига Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев, Тошкент шаҳар прокурори в.б. Анвар Ўрмонов фақат микроавтобусда шаҳар айланиш билан банд», — деди президент.

Президентнинг сўзларига кўра, улар 12 та туман ҳокими, ички ишлар бошлиғи, прокурори, «маҳалла еттилиги» ва жамоатчилик билан ҳамжиҳат ишласа, 7,5 мингта жиноятнинг олдини олса бўлар эди.

Шу туфайли Султонхўжаев ва Ўрмоновга ҳайфсан берилиб, олти ойлик синов муддати тайинланиши белгиланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.